Таълим-тарбияга бахшида умр
Ҳар бир шахс ҳаётда ўз ўрнини топишга, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилади. Орамизда шундай одамлар борки, уларнинг фаолияти жонкуярлик намунаси бўлиб, ёш авлод келажагини таъминлашга хизмат қилади. Бу каби инсонларни бир сўз билан фидойи устоз, деб аташимиз мумкин. Умрини таълим-тарбия соҳасига бағишлаган Гулмирза Бабажоновнинг касбий фаолияти ҳам шундай эътирофга муносиб.
1964 йил 15 март куни Хитой овулида туғилган Гулмирза Бабажонов серфарзанд, меҳнаткаш деҳқон – Тажибой ота ва Назира момолар тузган намунали оила муҳитида вояга етди. Қишлоқ ҳаёти, доимий меҳнат билан уйғун турмуш тарзи ёш Гулмирзани болаликдан чиниқтирди. Илмга бўлган иштиёқи эса мактаб давриданоқ яхши билим олишга ундади.
Дастлаб ўша даврдаги Ҳамид Олимжон номли (ҳозирги 78-сонли) бошланғич мактабда илк сабоқларни олди, 4-синфдан эса 52-сонли мактабда таҳсилни давом эттирди. Билимга чанқоқлиги туфайли умумтаълим мактабини муваффақиятли тамомлаб, катта орзулар билан мақсадлари томон интила бошлади.
Мактаб таҳсилидан кейин ҳарбий хизматга чақирилган Гулмирза Бабажонов 2 йил давомида армия сафида хизмат қилди. Бу йиллар унинг шахсий камолоти йўлида муҳим аҳамият касб этиб, катта тажриба ва сабоқлар билан тўлган даврга айланди. 1984 йилда ҳарбий хизматни тугатиб, овулга қайтди. Ўтган йиллар ўсмир Гулмирзада қатъият ва масъулият кўникмаларини шакллантирди.
1986 йилда тақдир Гулмирза Бабажоновни Тошкент давлат хорижий тиллар институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети)га етаклади. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, олийгоҳнинг француз тили факультетига қабул қилинди. Ўқиш давомида кундузи таълим олиб, кечқурун Чилонзор туманидаги 37-сонли мактабда қоровуллик қилди. 1992 йилда институтни муваффақиятли тугатиб, француз тили ва миллий мактабларда рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси мутахассислиги бўйича диплом олди.
Шу йили 52-сонли мактабда Гулмирза Бабажоновнинг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатидаги меҳнат фаолияти бошланди. У дарсларни юқори савияда ташкил этиш билан бирга мактабдаги жамоат ишларида ҳам фаол бўлди. Меҳнаткашлиги ва таълим-тарбия жараёнига масъулият билан ёндашуви туфайли юқори ташкилотларнинг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. Бу эътироф ёшлар билан ишлашдаги масъулиятни янада кучайтирди.
2011 йилда мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиб, 2016 йилгача бу вазифада сидқидилдан меҳнат қилди. Шу билан бирга, 2013 йилда Намуна маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла раиси ва маслаҳатчилар сайловини ташкил этиш гуруҳи раҳбари сифатида ҳам ишлади. Бу масъулиятли вазифани муваффақиятли бажаргани учун 2014 йилда туман ҳокими томонидан “Ташаккурнома” билан тақдирланди.
Қаҳрамонимиз 2014-2019 йилларда Халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати сифатида ҳам самарали фаолият юритди.
Турмуш ўртоғи Сайёра Ражапова билан икки ўғил ва икки қизни тарбиялаб, уларни ҳам жамиятга наф келтирадиган инсонлар этиб вояга етказишди. Оилавий бахт, ишга садоқат ва устозлик масъулияти унинг ҳаётдаги асосий қоидаларидир.
Ҳозирги кунга қадар ёшларнинг севимли устози Гулмирза Бабажонов 52-сонли мактабда рус тили ва адабиёти фанидан ўқувчиларга дарс бериб келмоқда. 2021 йил май ойидан бошлаб бир муддат ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида ҳам фаолият олиб борди.
Гулмирза Бабажонов учун устозлик фақат касб эмас, балки ҳаётининг мазмунидир.
Шоҳзод Қурбонбоев.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶