Илғор хорижий тажрибаларни жорий қилиш мақсадида “Муваффақиятли ислоҳотлар – юқори натижалар” номли семинар-тренинг ўтказилди
Сўнги йилларда мамлакатимизда мактабгача ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда Сингапурнинг “Marshall Cavendish Education” ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирлар соҳага илғор хорижий тажрибаларни жорий этишга хизмат қиляпти.
Амударё туманида “Муваффақиятли ислоҳотлар – юқори натижалар” мавзусида ташкил этилган семинар-тренингда умумтаълим мактаблари директорлари, директорларнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари ҳамда тажрибали педагоглар иштирок этишди.
Тадбирдан асосий мақсад – Ўзбекистонда умумий ўрта ва мактаб таълимини тизимли ислоҳ қилиш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсда ўқувчиларни баҳолаш дастурлари рейтинги бўйича жаҳоннинг илғор мамлакатлари қаторига киришига эришишдан иборатдир.
Семинар доирасида Сингапур тажрибаси асосида “Marshall Cavendish Education” ташкилоти билан ҳамкорликда аниқ ва табиий фанлар бўйича илғор хорижий тажрибаларни умумий ўрта таълим мактабларида оммалаштириш, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар малакасини ошириш, уларни касбий ривожлантиришга доир илғор тажрибаларни алмашиш, ўқувчилар билими ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда ривожлантиришда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, таълимни рақамлаштириш бўйича соҳа мутахассисларининг мавжуд билимларини ошириш бўйича экспертларнинг маърузалари тингланди.
Таъкидланганидек, Сингапур таълимга оид нуфузли тадқиқотлар натижаларига кўра дунёда етакчи мамлакатлардан бири бўлиб, таълимга сармоя киритиш, инсон капиталини ривожлантиришга эътибор қаратиш орқали мамлакат тараққиётига эришган давлат сифатида эътироф этилади. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мамлакатдаги мактаб директорлари ва ўқитувчилар малакасини ошириш, мактаблар ўқув дастурини такомиллаштириш ҳамда унга рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича Сингапурнинг “Marshall Cavendish Education” ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Ҳамкорлик дастурига кўра таълим муассасаларида мактаб директорлар ҳамда математик ва табиий-илмий саводхонликни ривожлантириш йўналишлари бўйича тренинглар олиб борилмоқда.
Амударё туманида ўтказилган семинарда ҳам мутахассислар учун касбий ривожлантириш, соҳадаги янгиликларни бўлишиш, ўз фаолияти давомида юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш бўйича тажрибалар ўргатилди. Каскад усулида олиб борилган семинар-тренингларда мактаб раҳбарлари “Менежерлар”, математика ва табиий фанлар бўйича педагоглари эса “Мастер тренерлар” сифатида махсус тайёргарликдан ўтказилди.
Семинар иштирокчиларининг барча саволларига экспертлар томонидан тўлиқ жавоб берилди. Иштирокчилар Сингапур ёндашувларидан фойдаланиб, инновацион дарс ўтиш усулларини ўзлаштирдилар ва ўз навбатида янги ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларга янги билим ва кўникмаларни етказадилар.
Райҳон Якубова, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг Мактаблар фаолиятини мувофиқлаштириш шўъбаси методисти

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶