Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари ўтказилмоқда
Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажмларини ошириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш имкониятларини кенгайтириш, пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига, агросаноат кластерларига ва бошқа юридик шахсларга ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш муҳим масалалардан ҳисобланади.
Шу мақсадда қабул қилинган тегишли ҳужжатлар билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларида ҳамда боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига мақбул экинлар экилиши ёки тут кўчатлари ўтқазилиши йўлга қўйилмоқда.
Соҳа масъуллари томонидан туманимиздаги овул ва маҳаллаларда фермер хўжаликлари раислари билан ўтказилаётган учрашувларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан унумли фойдаланишга доир муҳим тавсиялар берилмоқда. Оқ олтин овулида ташкил қилинган тадбирда фермер хўжаликлари раисларига шу каби масалалар билан бир қаторда соҳа қонунчилигига доир янгиликлар ҳақида ҳам ахборот берилди.
Мазкур тадбирда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Амударё тумани бўлими бошлиғи Сарвар Матёқубов, инспекциянинг туман бўлими бош мутахассиси Акром Эрдашев, Оқ олтин овули қишлоқ хўжалиги агрономи Анвар Халимбетов ва фермер хўжаликлари раислари иштирок этишди.
Дастлаб инспекциянинг Амударё тумани бўлими бошлиғи Сарвар Матёқубов сўзга чиқиб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларида мақбул экинлар экилиши ёки тут кўчатлари ўтқазилишининг аҳамияти тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, эндиликда фермер хўжаликлари ушбу вазифаларни бажармасдан, белгиланган ўринларни ўз ҳолига ташлаб қўйган тақдирда тақдимномалар киритилиб, ер ижара шартномалари бир тарафлама бекор қилиниши маълум қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Ер Кодексига киритилган қўшимчага кўра, пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари, агросаноат кластерларига ва бошқа юридик шахсларга майдони 10 гектаргача бўлган ер участкалари ажратилиши мумкин.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Ер Кодексининг 40-моддаси ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига кўра, ердан белгиланган мақсадга мувофиқ оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларида мақбул экинлар экилишини ёки тут кўчатлари ўтқазилишини таъминлаш, асосий экинларнинг ривожланишига салбий таъсири бўлмаган ҳолларда боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига даромад келтириши мумкин бўлган мақбул экинлар экилишини таъминлаш ердан фойдаланувчилар ва ижарачиларга алоҳида мажбурият қилиб белгиланган. Ушбу вазифаларни бажариш фермер хўжаликларининг асосий мажбуриятларидан ҳисобланади.
Бундан ташқари, тадбир давомида фермер хўжаликлари раисларига ушбу ер майдонларига белгиланган экинларни экиш бўйича юридик ва жисмоний шахсларга иккиламчи ижара сифатида 10 йилгача ижарага бериш ҳуқуқи мавжудлиги ҳам тушунтирилди.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг мазкур масалалар бўйича мурожаатларига мутахассислар томонидан жавоб ва тавсиялар берилди.
Сарвар Матёқубов, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Амударё тумани бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶