Ўқитувчилар ўртасида ҳоким олимпиадасининг илк босқичи бўлиб ўтди
Амударё туманида ёшларга таълим-тарбия бериш, келажак эгалари бўлган ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол қилиб вояга етказиш, юрт равнақига ярайдиган билимли, салоҳиятли кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, туман ҳокими Собир Хўжаметов ташаббуси билан ҳар ойда битта фан юзасидан тумандаги барча умумтаълим мактаблари ўқувчи ёшлари ўртасида ҳоким олимпиадасини ўтказиш йўлга қўйилган эди.
Эндиликда ўқитувчиларнинг ўз билимларини синовдан ўтказишлари учун имкон яратиш, уларнинг ўз устида ишлашлари, билим ва тажриаларини янада оширишларига туртки бериш мақсадида туман ҳокими Собир Хўжаметов ташаббуси билан тумандаги барча умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ўртасида ҳоким олимпиадаси ўтказилиши йўлга қўйилмоқда.
Жорий йилнинг 30 март санасида ўқитувчилар ўртасида ҳоким олимпиадасининг илк босқичи 55-сонли мактабда математика, физика фанлари бўйича бўлиб ўтди.
Дастлаб мактаб ҳовлисида олимпиаданинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ялғаш Шомуратов ушбу олимпиаданинг ўтказилишидан асосий мақсад ва вазифалар, уни ўтказиш тартиб-қоидалари хусусида сўз юритди.
Олимпиадани ўтказиш бўйича ташкилий ишлар туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг Мактаблар фаолиятини мувофиқлаштириш шўъбаси раҳбари Ибрагим Ражабов, методистлари Ҳабибулла Давлетяров ва Райҳон Якубовалар томонидан амалга оширилди.
Туман ҳокимлиги, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамкорлиги ўтказилаётган мазкур олимпиадани ҳар ойда бир фандан ўтказилиши бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган.
Олимпиада синовлари тест топшириқлари асосида бўлиб, тест китобчалари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш Агентлигидан буюртма асосида олинади. Шунингдек, тест топшириқлари жавоблари белгиланган титул варақлари ҳам мазкур агентликка текшириш ва натижаларни аниқлаш учун юборилади.
Ҳоким олимпиадасида тумандаги 85 та умумтаълим мактабларидан ихтиёрий равишда 90 нафар математика ва физика фанлари ўқитувчилари иштирок этдилар.
Олимпиаданинг шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида ўқитувчилар кўз ўнгида Билим ва малакаларни баҳолаш Агентлиги томонидан келган тест топшириқлари китобчалари очилади ҳамда тарқатилади. Ўқитувчиларнинг тест топшириқларини бажаришлари ҳамда титул варақларига жавобларини белгилашлари учун бир соат вақт берилади. Белгиланган вақт тугагандан сўнг титул варақлари йиғиб олинади, тест топшириқлари китобчалари ўқитувчиларнинг ўзларига берилади.
Билим ва малакаларни баҳолаш Агентлиги томонидан тест натижалари олингач, ғолиблар аниқланади ҳамда туман ҳокимлиги томонидан тақдирланади.
Таъкидлаш жоизки, туман тарихида илк маротаба таълим соҳасида ҳоким ташаббуси билан амалга оширилаётган бу олимпиада таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга, ўқитувчиларнинг билим салоҳиятларини ривожлантиришларига, ўз устида ишлашларига, бир-бирлари билан ўзаро тажриба алмашишларига хизмат қилади.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶