36-СОНЛИ МАКТАБДА ЗУККО ҚИЗЛАР ЎРТАСИДА БЕЛЛАШУВ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Ўлкамизга фасллар келинчаги бўлмиш баҳор кириб келиши билан байрамлар ҳам бошланади. Табиатдаги ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда барча ҳудудларда, овул ва маҳаллаларда, корхона-ташкилотларда ва умумтаълим муассасаларида бошланган байрамлар, турли тадбирлар барчага янада кўтаринки руҳ бахш этади.
4 март куни 36-сонли мактабда ҳам 8-“А” синф ўқувчилари ўртасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан “Қизларжонлар” тадбири ўтказилди. Синф раҳбари Дилнура Бобониёзова томонидан ташкил этилган ушбу байрам тадбирида ўқувчи қизларнинг ҳаммаси фаол қатнашишди. Тадбирни мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Баҳром Хўжамуродов очиб берди ва ўқитувчи аёллар, ўқувчи қизларни яқинлашиб келаётган 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан қизғин қутлади.
Шунингдек, сўнгги йилларда юртимизда аёл-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишига айланганини таъкидлаб ўтди. Президентимиз илгари сурган бешта муҳим ташаббус доирасида ёшларимиз, шу жумладан, хотин-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ва мақсадли ташкил этиш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спорт, ахборот технологиялари, китобхонлик, касб-ҳунарга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини, бу эса, ўз навбатида, “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз!” деган эзгу тамойилни рўёбга чиқариб, ёшларнинг орзу-ҳаваси, иқтидор ва салоҳиятшини тўла намоён этишига хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этди.
Шундан сўнг, тадбирнинг асосий қисми бошланди ва синф қизлари 4 гуруҳга бўлиниб белгиланган шартлар асосида беллашишди. Саҳнага “Баҳор”, “Бойчечак”, “Лолалар” ва “Оққушлар” гуруҳлари чиқиб, 6 та ўзларини таништириш, салат тайёрлаш, сардорлар беллашуви, сўздан сўз ясаш, эркин мавзу, онамга совға каби шартлар асосида ўз иқтидорлари, чаққонликлари ва моҳирликларини намойиш этишди.
Танловнинг танишув шартида жамоа аъзолари ўзлари таълим олаётган 36-сонли мактаб ҳаёти, таълим бераётган устозлари, ўзларининг орзу-мақсадлари ҳақида ҳам сўзлаб ўтдилар. Иккинчи ва учинчи шартларда қизларнинг пазандалиги синовдан ўтказилди. Қизлар шу ернинг ўзида турли сабзавотлар ва мевалардан хуштаъм, витаминларга бой салатлар тайёрлаб, ҳакамларга тақдим этишди. Сўздан сўз ясаш шартида эса қизлар интеллектуал салоҳияти, маънавий дунёқараши ва зукколигини кўрсатишга ҳаракат қилишди.
Эркин мавзу шарти эса қизиқарли чиқишларга бой ўтди. Саҳнада атлас кўйлак кийган қизчалар баҳорий қўшиқларга хиром айлаб, дилларни хушнуд этдилар. Шунингдек, баҳор, гуллаб яшнаётган юрт ва оналар ҳақидаги шеърлари билан байрамона кайфият улашишди. Айниқса, оналарга совға деб номланган охирги шарт давомида турли рангли қоғозлардан чиройли баҳорий гулдасталар ясаб, оналарига бир-биридан чиройли совғалар тайёрлашди.
Уларнинг чиқишларини мактаб ўқитувчиларидан ташкил этилган ҳакамлардан Умида Жуманиёзова, Нилуфар Алланиязова, Муҳайё Каримовалар одилона баҳолаб бордилар. Ниҳоятда қизиқарли ўтган беллашув иштирокчилари белгиланган шартлар асосида ўзларининг билимдон, ораста ва фаол эканликларини намойиш этдилар. Якуний натижаларга кўра, 1-ўринга энг кўп балл тўплашга эришган “Оқ қушлар” гуруҳи муносиб деб топилди.
Тадбир якунида ғолибларга ва синфдаги барча қизларга байрам совғалари топширилди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶