ТАЪЛИМ СИФАТИ ВА САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ҚАРАТИЛГАН МАСАЛАЛАР ЮЗАСИДАН ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ
Амударё тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари директорлари иштирокида умумий йиғилиш ташкил этилди.
2024 йил 7 февраль куни 38-сонли мактабда бўлиб ўтган мазкур йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан Амударё туманига бириктирилган масъул ходимлардан Ҳамидулла Бегдуллаев, вазирликнинг коррупцияга қарши кураш бўйича бош мутахассиси Шаҳзода Бабаназарова, Республика таълим маркази методистлари Ажинияз Жоламанов ва Даут Бахиятдиновлар ҳамда туман Мактаб ва мактабгача таълим бўлимининг масъул ходимлари қатнашишди. Йиғилишни туман Мактаб ва мактабгача таълим бўлими бошлиғи Ялғаш Шомуродов очиб берди ва иштирокчиларни кун тартибидаги масалалар билан таништирди.
Кун тартибида Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонуни, таълим ташкилотларида коррупциянинг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари, 2022-2023 ўқув йилида таълим сифатини оширишга қаратилган таҳлилий якунлари ва 2024 йил олдида турган вазифалар, яъни Фанлар олимпиадаси, каусера, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг халқаро ва миллий сертификатлари улуши, педагог кадрлар аттестацияси, 3-7-ёшли болалар қамрови, грант, онлайн синф каби масалалар кўрилди.
Ушбу масалалар юзасидан масъулларнинг маърузалари тингланди. Дастлаб Республика таълим маркази методисти Ажинияз Жоламанов Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти тушунтирди ва бу бўйича тегишли вазифалар, чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун шу йил 1 февраль куни Президент томонидан имзоланган. Мазкур ҳужжатда педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши қатъий белгилаб қўйилган. Қонун билан педагогларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари ҳам белгиланган. Шунингдек, Қонунга кўра педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, ҳудудларни ободонлаштиришга, қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш таъқиқланади. Педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, жумладан, битирувчиларнинг бандлиги таъминлангани ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш ман этилади.
Йиғилиш давомида вазирликнинг коррупцияга қарши кура бўйича бош мутахассиси Шаҳзода Бабаназарова туман ҳудудидаги таълим ташкилотларида коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилган тарғибот-ташвиқот ишлари хусусида тўхталди. У ўз сўзида Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунига қатъий амал қилиш кераклигини эътироф этиб, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган қилмиш эканлиги тўғрисида йиғилиш иштирокчиларига кенг маълумотлар берди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала бўйича Ялғаш Шомуродов сўзга чиқиб, 2023-2024 ўқув йилида асосий Фанлар олимпиадасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 7 нафар ўқувчи фахрли ўринни, республикада етакчи ўринни эгаллагани, халқ таълими тизимида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва ўқувчилари юқори натижаларга эришган, ўз устида доимий ишлайдиган, ўқитиш услубига эга малакали педагог кадрлардан 7 нафарига белгиланган тартибда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида устама тўланаётгани ҳам тилга олиб ўтилди. Шунингдек, айрим мактабларнинг ўқувчилари фанлар олимпиадасининг туман босқичида 4 йил давомида совриндор бўла олмагани, бунинг сабаблари ҳам муҳокама этилди.
Йиғилиш давомида туман ММТБ бошлиғи Ялғаш Шомуродов хорижий тил фани ўқитувчилари 2024/2025 ўқув йилига қадар В2 даражадаги сертификатларга эга бўлиш лозимлигини, шунга ҳаракат қилиши кераклигини эслатди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари ҳам инглиз тилидан камида В2 сертификат олишлари, бу борада 40-мактаб етакчи эканлиги алоҳида таъкидлади.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий тилларни ўрганишни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 19 майдаги 312-сон қарорига мувофиқ 2024/2025 ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчилари камида В2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган. Шу сабабли Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги барча хорижий тил ўқитувчиларига 2024/2025 ўқув йилига қадар камида В2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатларга эга бўлиши лозим.
Йиғилишда таълимдаги самарадорликни янада ошириш, педагогларнинг ўз устида ишлашларига эътибор қаратиш ва имконият яратиш, мактаблардаги шарт-шароитларни янада яхшилаш борасида тегишли чора-тадбирлар, вазифалар белгилаб олинди.
Озода Худойберганова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶