11-СОНЛИ МАКТАБДА “БИЗ НАВОИЙ АВЛОДЛАРИМИЗ” МАВЗУСИДА ТЕАТРЛАШТИРИЛГАН ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Жаннатмакон Ўзбекистонимизда февраль ойи адабий-бадиий тадбирларга бой, чинаккам адабиёт байрами сифатида ҳар бир қалбга маънавият нурларини олиб киради гўё. Февралнинг илк кунлариданоқ Навоийхонлик кечалари Бобурхонлик ва ғазалхонлик тадбирларига уланиб кетади. Айниқса, 9 февраль – Алишер Навоий таваллуди арафасидаги байрамона тадбирлар бутун халқимизни қамраб олади. Шоирнинг бетакрор лирикаси сеҳридан қалблар зийнатланади, маънан тозаради.
Ана шундай маънавий-маърифий тадбирлардан бири Қипчоқ ШФЙ ҳудудидаги 11-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлиб ўтди.
“Биз буюклар авлодимиз” шиори остида ўтказилган театрлаштирилган тадбирда мактаб педагогика жамоаси, ўқувчи-ёшлар иштирок этишди. Тадбирни мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Қундузой Холмуродова очди ва барчани улуғ бобокалонимиз таваллудининг 583 йиллиги билан самимий муборакбод этди. Шу билан бирга буюк давлат ва жамоат арбоби, ўзбек тили ва адабиётининг ривожига жуда катта ҳисса қўшган, туркий халқлар адабиётида юксак мақомга эга мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг асрлар оша адабиёт ихлосмандларини, дунё халқларини ўзига мафтун этиб келаётган ўлмас асарларининг бадиий қиммати, ёшлар таълим-тарбиясида тутган ўрни хусусида батафсил сўз юритиб, Навоий даҳосига ҳурмат-эҳтиром – бу миллий-маънавий қадриятларимизга чексиз ҳурмат ва эҳтиром эканлигини таъкидлади.
Тадбир давомида мактабнинг 7-, 8-, 9-синфлар ўқувчилари Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий фаолияти юзасидан қимматли маълумотларни бердилар, Навоий ғазалларини ёддан, ифодали ўқиб берган 7- ва 9-синф ўқувчиларидан кейин саҳнада “Хамса” достонининг тавсифи жаранглади. 9-Бсинф қизлари “Хамса”да жо бўлган ҳар бир достонга аслоҳида таъриф ва тавсиф бердилар ва Гули монологини маромига етказиб ижро этдилар.
Шундан сўнг,7-Б синф ўқувчи-қизлари шоир қитъаларини ифодали ўқишиб, тадбир иштирокчиларини Навоий асарларидаги ҳикматлар хазинасидан баҳраманд этдилар.
Тадбирнинг мусиқий қисми қалбларга янада завқли, ҳаяжонли лаҳзаларни бахш этди. Унда 7-8-синфларнинг ўқувчи-қизлари Навоий ғазали билан айтиладиган “Ишқ айлади” ашуласига рақсга тушдилар.
Шундан сўнг, саҳнада Навоий замондошларининг фикрлари жаранглади. Буюк тарихчи олим Давлатшоҳ Самарқандий, форс-тожик шоири, Нақшбандия тариқатининг йирик вакили Абдураҳмон Жомий, тарихчи, давлат арбоби Муҳаммад Ҳайдар Мирзо, шоҳ ва шоир, буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур, тарихчи олим Рашидий, Эрон тарихчиси Ҳакимшоҳ Қазвиний, тарихчи Хондамир, шоир ва драматург, адабиётшунос Мақсуд Шайхзода ҳамда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.А.Каримовлар билдирган қимматли фикрлар хусусида ўқувчи-ёшлар тўлқинланиб сўзладилар.
Тадбирда ўқувчилар томонидан саҳналаштирилган “Саббаъи сайёр” достонидан парча ҳам намойиш этилиб, “Ҳайрат-ул аброр” достонидан ҳикматли ҳикоятлар ўқилгани ўқувчи-ёшларнинг ҳақиқатан ҳам Навоий даҳосига қалбларида юксак эҳтиром билан унинг буюк асарларини ўрганаётганларининг амалий ифодаси бўлди. Гоҳ ғазал, гоҳ ҳикматларга тўла достонлар жаранг сочган “Биз Навоий авлодларимиз” адабий-мусиқий, театрлаштирилган байрамона тадбир дилбар куй-қўшиқлар, дилрабо рақслар билан давом этди ва қалбларга завқ-шавқ бағишлади.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶