ЯНГИЛАНГАН КОНСТИТУЦИЯ ЯНГИ ЖАМИЯТНИНГ МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 30 апрель кунги умумхалқ Референдумида қабул қилинди ва у шу йилнинг 1 майидан эътиборан кучга кирди. Эндиликда 6 бўлим 27 боб 155 моддадан иборат янги таҳрирдаги Конституция ва унда белгиланган нормалар, принциплар демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Янги Конституция, нафақат ҳуқуқ ва эркинликларни мустаҳкамлади, балки уларни амалга оширишнинг реал имкониятларини таъминлаш чора-тадбирларини, кафолатларини ҳам яратди. Шунингдек, ҳокимиятлар бўлиниши, Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олиниши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кабилар кафолатланган. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз деб эълон қилиниб, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас, деб белгилаб қўйилган.
Ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланиши масаласи аввалги Конституцияда иккита норма билан – “инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас” ҳамда “фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт”, деб тартибга солинган эди.
Конституциянинг янги таҳририда ушбу иккита норма деярли ўзгаришсиз сақлаб қолинди. Шу билан бирга, қуйидагича янги норма қўшилди:
“Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлигини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин”.
Ҳуқуқлар чекланишига доир бу меъёрлар, янги Конституциянинг бошқа бир моддасига асосан, сўз эркинлиги ҳуқуқига ҳам тегишли. Яъни, ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи фақат конституциявий тузумни, аҳоли соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлаш, давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига йўл қўймаслик мақсадида чекланиши мумкин.
Янги Конституцияга кўра, Президентнинг ваколат муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди. Президентнинг “давлат бошлиғи” мақоми, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Президент бўлиши мумкин эмаслиги, Президентнинг қасамёди матни ва Президентга тааллуқли бошқа аксарият нормалар ўзгаришсиз қолдирилди.
Халқимиз муаллифлигида ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституцияси мамлакатимиз тараққиёти, фуқароларимиз турмуш тарзини юксалтириш йўлида қабул қилинадиган қонунларимиз учун йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Барча юртдошларимизни Конституциямизнинг 31 йиллиги билан муборакбод этаман.
Н.ЖУМАНИЁЗОВА, туман Адлия бўлими ЮХКМ бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶