1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни. ОИТС КАСАЛЛИГИ ТАРҚАЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ САМАРАЛИ АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА
Бугунги кунда одамнинг иммунитет танқислиги вируси, яъни ОИВ касаллиги барча мамлакатлар учун глобал муаммога айланган. Унинг салбий таъсири бугун соғлиқни сақлаш тизимигагина эмас, балки мамлакатнинг иқтисодий ва миллий хавфсизлигига жиддий хатар туғдирмоқда. Шу сабабли юртимизда мазкур касалликнинг олдини олиш борасида мунтазам равишда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Амударё туманидаги Тиббиёт бирлашмасига қарашли Кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги Амударё туманлараро ОИВ диагностика лабораториясида ҳам иммунитет танқислиги вируси касалига чалинган шахсларни эрта аниқлаш, касалликнинг бошқаларга юқишининг олдини олишга доир профилактик тадбирлар амалга оширилиб, самарали даволаш ишлари олиб борилмоқда.
Лабораторияда 2 нафар шифокор, 2 нафар лаборант ва 2 нафар кичик тиббиёт ходими фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу лаборатория замонавий аппаратлар ва зарур асбоб-анжомлар билан тўлиқ жиҳозланган. Тиббиёт ходимлари томонидан ҳомиладорлар, меҳнат мигрантлари, никоҳдан ўтишдан олдинги тиббий текширувдан ўтувчилар, шифохонада даволанаётган беморлардан ва аноним тарзда текширувдан ўтиш учун келганлардан олинган қон намуналари таҳлилдан ўтказилади.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 78та ОИВ диагностика лабораторияси фаолият олиб боряпти. Улардан 15таси ОИТСга қарши кураш марказларидаги лаборатория комплекслари бўлса, 63таси туманлараро лабораториялардир. Мазкур лабораторияларда ИФА, иммуноблот, ПЦР, иммунологик, клиник, биокимёвий ва бактериологик текширувлар ўтказилади. Давлат томонидан лабораторияларни тест-система ва реагентлар билан таъминлаш учун ҳар йили тегишли маблағ ажратилмоқда.
Амударё туманида ҳам дастлабки ОИВ диагностика лабораторияси 1982 йилда Қипчоқ қишлоқ шифокорлик пунктида ташкил этилган. Лаборатория 2009 йилда туман марказидаги Кўп тармоқли марказий поликлиника биносига кўчирилиб, зарур шароитлар яратилди. Айни пайтда лаборатория керакли бўлган барча тиббиёт воситалари билан таъминланган бўлиб, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозир дунёда ОИВдан азият чекаётган 90 миллиондан зиёд бемор бор. Улар сони йилига ўртача 1,5 миллион нафарга кўпаймоқда. Энг ёмони, хасталик ҳар йили 600 мингдан зиёд кишининг ҳаётига зомин бўляпти. Умуман, Ер юзида ОИТС эпидемияси бошлангандан буён 75 миллион одам ушбу дардга чалиниб, 32 миллион нафардан ортиғи вафот этган. Таҳлилларга кўра, инфекция 75 фоиздан ортиқ ҳолатларда 25-49 ёшли кишилар ўртасида учрамоқда. Бу борада касаллик профилактикаси ва унга қарши курашиш тадбирларини режалаштириш ҳамда амалга оширишда унинг юқиш омилларини аниқлаш муҳим ҳисобланади.
Юртимизда ОИВ инфекцияли беморларнинг 79 фоизи антиретровирус муолажалар билан қамраб олинган. Улар учун зарур препаратлар харажатларининг қарийб 80 фоизи Давлат бюджети маблағлари, қолган 20 фоизи эса халқаро фондлар ҳисобидан қопланмоқда.
Бундан ташқари, ОИВ инфекцияли оналардан туғилган чақалоқларни 6 ойлик бўлгунга қадар сунъий сут аралашмалари билан озиқлантириш тавсия этилмоқда. Мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни янада жадаллаштириш ва соҳани такомиллаштириш мақсадида алоҳида Давлат дастури лойиҳаси тайёрланган. Унга мувофиқ, келгуси йилдан бошлаб, сунъий сут аралашмаларини харид қилиш, беморларни антиретровирус дори воситалари билан касаллик аниқланган заҳоти қамраб олиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Ҳар йили 1 декабрь санаси “Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни” сифатида нишонланади ва сана муносабати билан Амударё туманлараро ОИВ диагностика лабораториясининг тиббиёт ходимлари томонидан ҳам хасталикнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишлари янада кучайтирилган тарзда ўтказилади.
Хушрой Эрматова, Шарофат Йўлдошева,
Амударё туманлараро ОИВ диагностика лабораторияси шифокорлари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶