ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА БОЛАЛАРГА НИСБАТАН ЗЎРАВОНЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ БЎЙИЧА ТАРҒИБОТ ТАДБИРИ БЎЛИБ ЎТДИ
Хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўз ўрнини топиши, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларнинг фаол иштирокчисига айланишлари учун бугунги кунда қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.
16 сентябрь куни Амударё туманидаги 82-сонли умумтаълим мактабида ёшларни ёт ғоялардан асраш ҳамда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича тарғибот-тушунтириш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокимлигининг дин ишлари бўйича бош мутахассиси Музаффар Шеримбетов, Қорақалпоғистон Республикаси “Маънавият-маърифат” маркази туман бўлими бош мутахассиси Махмуд Эшманов, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро маркази директори Гавҳар Чимбайчиева, мактаб директори Зафар Ахманов, ўқитувчилар ҳамда юқори синф ўқувчилари иштирок этдилар.
Тадбирда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро маркази директори Гавҳар Чимбайчиева сўзга чиқиб сўнгги йилларда аёллар тадбиркорлиги, ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, хотин-қизлар бандлиги ва уларни касб-ҳунарга ўқитиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларга давлат грантлари ажратиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш борасида амалий ишлар олиб борилаётгани, “Аёллар дафтари”га 6та мезон асосида 3000 дан ортиқ хотин-қизлар киритилиб, уларнинг муаммолари ҳал этилаётгани ҳақида айтиб ўтди.
Шу билан бир қаторда, жамиятда хотин-қизларнинг ўз ўрнини топишига тўсқинлик қилиб келаётган муаммо ва иллатлар ҳам мавжуд бўлиб, уларга қарши курашиш долзарб ҳисобланади. Улардан бири хотин-қизлар ва болаларга нисбатан кўрсатилаётган тазйиқ ва зўравонликдир.
Ўзбекистон Республикасида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида халқаро нормалар талабларига уйғун қонунчилик асосларини яратиш ва такомиллаштириш, қолаверса, зўравонликдан жабр кўрган аёллар ва болалар муҳофазаси билан бевосита шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий асослари кенгайтирилди.
Тадбир давомида туман ҳокимлигининг дин ишлари бўйича бош мутахассиси Музаффар Шеримбетов ёшлар ҳар бир жамиятнинг энг ишонган ва муҳим қатлами ҳисобланишини, мамлакатнинг эртанги куни уларнинг қандай шахс бўлиб шаклланишлари ҳамда мақсадларига боғлиқлигини, шу сабабдан уларни зарарли ғоялар ва ёт фикрлардан ҳимоялаш долзарб мавзу эканлигини таъкидлаб ўтди.
Ҳозирда ёшлар онгига таъсир қилиб, уларга ўз бузғунчи ғояларини сингдиришни ёки уларни тўғри йўлдан оздиришни мақсад қилган кучлар тобора ортиб бормоқда. Бу ҳолат оддий компьютер ўйинларидан тортиб интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар, мобил алоқа дастурларида ҳам кўзга ташланади. Юзаки қараганда, арзимас туюладиган бу ҳаракатлар вақт ўтгани сари жиддийлашиб бораверади.
Айтиш керакки, мамлакатимизда ёшларни террористик, экстремистик ва бошқа бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада умумтаълим мактаблари ўқувчилари орасида ташкил этилаётган тарғибот ва тушунтириш тадбирларининг аҳамияти катта.
Тарғибот тадбири давомида ўқувчиларга сабабсиз дарс қолдирмасликлари, ўтилаётган ҳар бир дарсни қунт билан ўзлаштиришлари лозимлиги, мактабга ўз вақтида келиш ва кетиш зарурлиги, шунингдек, ҳар бир ўқувчи одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишлари, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиб билим олишлари лозимлиги тушунтирилди.
Йиғилиш сўнгида мавзу юзасидан иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
Севара Исмоилова, Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶