КУЙДИРГИ КАСАЛЛИГИДАН САҚЛАНИШГА ОИД КЎРГАЗМАЛИ ТАКТИК ЎҚУВ МАШҒУЛОТИ ЎТКАЗИЛДИ
Куйдирги касаллиги одамлар ва уй ҳайвонларига жиддий хавф туғдириши мумкинлиги ҳақида кўпинча ўйламаймиз ҳам. Касаллик намоён бўлишининг олдини олиш жуда муҳим эканлигини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда.
Туманимизнинг Дарёбўйи маҳалласи ҳудудида туман Фавқулодда вазиятлар давлат тизими хизматларининг иш-режасига асосан “Аҳоли ўртасида қуйдирги касаллиги тарқалишининг олдини олишда Фавқулодда вазиятлар давлат тизими хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусидаги кўргазмали махсус-тактик ўқув-машғулоти ўтказилди.
Кўргазмали махсус-тактик ўқув машғулотида ҳамкорликдаги давлат ташкилотлари – жумладан, туман Фавқулодда вазиятлар, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги, бўлимлари туман Тиббиёт бирлашмаси, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, Ободонлаштириш бошқармаси масъуллари иштирок этдилар.
Тадбирда дастлаб йиғилганларга куйдирги касаллиги, унинг тарқалиши ва инсонлар ундан қандай ҳимояланиши лозимлиги хусусида кенг тушунчалар берилди. Таъкидланишича куйдирги касаллиги корамоллар, қўй-эчкилар ва одамларда учрайдиган ўта хавфли юқумли касаллик бўлиб, одамларга асосан куйдирги билан касалланган ҳайвонларни сўйиш, терисини шилиш, гўштини майдалаш, калла-поча ва ошқозон-ичакларини тозалаш жараёнларида юқади.
Куйдирги касаллиги ҳайвонлардан ҳайвонларга, ҳайвонлардан одамларга юқади, лекин одамдан одамга юқмайди.
Одамларда касаллик асосан тери яраси шаклида намоён бўлади. Бундай ҳолда беморларнинг тана ҳарорати кўтарилади. Куйдирги яраси оғриқсиз бўлади, яранинг устки қисми кўмир рангига ўхшаш қора пўстлоқ билан қопланади ва яра тарофи қизариб, шиш пайдо бўлади. Куйдирги яраси кўпинча баданнинг очиқ қисмларида учрайди.
Куйдирги касаллигидан сақланиш учун чорва молларини ветеринар кўригидан ўтказиб, куйдирги касаллигига қарши эмлатиб туриш лозим. Касалланган ҳайвонларнинг ветеринар рўйхатисиз суйилишига йўл қўймаслик, молларни фақат қушхона ва суйиш майдончаларида ветеринар кўригидан ўтказилгандан сўнг сўйиш, дуч келган жойлардан гўшт сотиб олмаслик, уни гўшт павильонлари ва дўконлардан харид қилиш, шунингдек, уй ҳайвонларини парвариш қилишда шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш зарур.
Ҳайвонларда ва одамларда куйдирги касаллигининг белгилари кузатилганда, зудлик билан ветеринари бўлимига ва касалхонага мурожаат қилиш керак.
Кўргазмали махсус-тактик ўқув машғулотида қуйдирги касаллиги одамлар ва ҳайвонлар ўртасида аниқланганида туман Тиббиёт бирлашмаси, туман санитария-эпидемилогик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳамда оилавий поликлиника ходимларининг ишлаш тизимлари назарий ва амалий тарзда кўрсатиб берилди. Шунингдек, агар уй ҳайвонлари – қорамол, қўй-эчкиларни боқиш ва парваришлашда шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинса, куйдирги касаллиги ҳеч кимга хавф солмаслиги тушунтирилди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶