МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА ЧАҚИРИЛУВЧИЛАРНИ САРАЛАШ ТАНЛОВЛАРИ БОШЛАНДИ
Ҳар бир йигитга Ватанни ҳимоя қилиш, ўзининг бурчга содиқлигини намоён этиш учун унинг хизматида бўлиш – шарафли вазифа ҳисобланади. Барча мард ва жасур ўғлонлар ота-она ва оиласини, ўзи яшаётган юрт тупроғини кўз қорачиғидек асрашни, Ватан ҳимояси учун доимо шай туришни муқаддас бурч деб билади.
Амударё туманида ҳам 2024 йилги муддатли ҳарбий хизмат чақирувига тайёргарлик кўриш мақсадида танлов тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрель кунги “Чақирилувчиларни танлаб олиш тўғрисида”ги тегишли қарори асосида Амударё тумани ҳокими қарори билан тайинланган Танлов Кенгаши томонидан Мудофаа ишлари бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу танлов тадбирларида 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, яъни 1997-2006 йилларда туғилган ва илгари ҳарбий хизматни ўтамаган йигитлар қатнашишмоқда.
Ҳозирги кунда чақирилувчи ёшлар туман Мудофаа ишлари бўлимида бўлиб ўтаётган муддатли ҳарбий хизматга танлов тадбирларида фаол иштирок этиб, ўз салоҳиятларини синовдан ўтказишмоқда. Чақирилувчиларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш учун тўсиққа тортилиш, 100 метрлик ҳамда 3000 метрли масофага югуриш бўйича синовлар ўтказилмоқда. Ушбу синовларда муваффақиятли қатнашган, белгиланган шартларни ўз вақтида эпчиллик билан бажарган йигитлар суҳбатга қатнашиш имкониятига эга бўлишмоқда.
Маълумки, муддатли ҳарбий хизматга танлов тадбирлари шу йилнинг 10 август кунидан бошланган бўлиб, 2024 йилнинг 10 февраль кунига қадар олиб борилади. Ушбу танлов тадбирларида қўйилган синовлардан муваффақиятли равишда ўтган йигитлар муддатли ҳарбий хизматга жўнатиладилар.
Танловда умумжисмоний тайёргарлик даражаси юқори баҳоланган чақирилувчиларга, якка тартибдаги суҳбатга киришга рухсат берилади. Умумжисмоний тайёргарликда йигитларнинг турникда тортилиш, 100 метрга ва 3000 метрга югуриш даражаси синовдан ўтказилади. Якка тартибдаги суҳбатда эса чақирилувчиларнинг дунёқараши, оилавий аҳволи, билим салоҳияти ўрганилади ҳамда тарих фанидан савол-жавоб ўтказилиб, интеллектуал даражалари аниқланади. Шунга кўра чақирилувчини муддатли ҳарбий хизматга жўнатишга ёки жўнатмасликка тавсиялар берилади.
Якка тартибдаги суҳбатдан муваффақиятли ўтган чақирилувчилар тиббий комиссиядан ҳамда бутлаш комиссияси томонидан суҳбатдан ўтказилиб, якуний қарор қабул қилиш учун Мудофаа ишлари бошқармаларидаги ҳарбий тиббий комиссияси ва раҳбарият кенгашига юборилади. Чақирилувчилар ҳарбий тиббий комиссияси ҳулосасига кўра, соғлом деб топилганда раҳбарият кенгаши томонидан ушбу чақирилувчилар қўшин турига тайинланади ҳамда чақирилувчига қайси ҳудудга ва қачон кетиши айтилади. Муддатли ҳарбий, яъни бир йиллик хизматни ўташга яроқли деб топилмаган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган фуқаролар бир ойлик сафарбарлик чақируви резерви сафига олинади.
Туман Мудофаа ишлари бўлими ходимлари томонидан овул ва маҳаллаларда ўтказилган тарғибот тадбирларида Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилиш нафақат конституциявий бурч, балки қатъий мақсад, юксак маънодаги шон-шараф эканлиги айтилиб, ёшлар қалбидаги ватанпарварлик туйғулари кучайтирилди. Шу билан бирга ҳарбий хизматдан бўйин товлаш жиддий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳам кенг тушунтирилиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий хизматни ўташга мажбурдирлар” деб кўрсатилган. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибини жисмонан бақувват ва маънан етук аскарлар билан бутлаш ва Ватанимизнинг равнақи йўлида хизмат қилишга даъват этиш вазифасини аъло даражада бажариш барчамизнинг бурчимиз ва мажбуриятимиздир.
Қаҳрамон Аҳмедов, туман Мудофаа ишлари бўлими чақирув бўлинмаси бошлиғи

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶