АМУДАРЁДА ҒАЛЛА ЭКИШ ИШЛАРИ БОШЛАНДИ
Ўлкамизда ёз фасли охирлаб бормоқда. Бундай пайтда деҳқонларимиз ғўза парваришининг охирги агротехник тадбирларини ниҳоясига етказиш, пахта йиғим-теримига тайёргарлик кўриш билан бир қаторда келгуси йил ҳосили учун буғдой экиш ишларини ҳам амалга оширишади.
Экишнинг сифатли адо этилиши уруғларнинг бехато унуб чиқишини ва келгуси йилда мўл ҳосил беришини таъминлайди. Шунинг учун ҳам бу ишга масъулият билан қаралади.
16 август куни келгуси йил ҳосили учун кузги ғалла экишга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида туманнинг Ўрта қала овули ҳудудида фаолият юритувчи «Юсуфхўжа» фермер хўжалиги даласида ғалла экиш бўйича кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ботир Тоғаев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси вакили Ахмет Ибрагимов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Дарябай Қайпов, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Фозил Нурмуҳамедов ҳамда туман сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Мурод Эржанов ва соҳага масъуллари, фермерлар иштирок этишди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов сўзга чиқиб, бу йилги ғаллани сифатли ва ўз вақтида экиш, мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, шу билан бир қаторда экиш мавсумидаги барча чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан тегишли соҳа вакилларига топшириқлар берди.
Ғалладан юқори ва сифатли ҳосил олишнинг асосий гарови – бу ерни экишга сифатли тайёрлаш, ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олиб нав танлаш, сифатли уруғлик экиш муддати ва меъёрларига риоя қилиш, ғалла ниҳолларини тўлиқ ундириб олиш ҳамда ўз муддатида парваришлашдан иборат эканлиги семинар давомида алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, юз бераётган иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда, қишлоқ хўжалиги майдонларига эрта ишлов бериш, экин экиладиган майдонларни тайёрлаш ва буғдой уруғларини кечиктирмасдан экиш зарурлиги соҳа вакилларига алоҳида таъкидланди.
Туманда 2024 йил ҳосили учун 5380 гектар ер майдонига ғалла экиш режалаштирилган бўлиб, шундан 4980 гектари очиқ майдонга ва 450 гектари ғўза қатор орасига экилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, амударёлик ғаллакорлар бу йилги экиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрдилар. Жумладан, ерларнинг шўри ўз вақтида ювилиб, лазерли ускуналар билан текисланди ҳамда далалар ўз вақтида ҳайдалди. Эндиликда ғаллакорларимиз экиш ишларини уюшқоқлик билан тез кунларда якунлаб, эрта кузда далалардан текис ниҳол олишга ҳаракат қилишади.
Шунингдек, семинар давомида фермер хўжаликлари раҳбарларига қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор инновацияларни қўллаган ҳолда замонавий усулда маҳсулот етиштиришнинг афзалликлари, сарф-харажатларни қисқартириш, ердан унумли ҳосил олиш бўйича керакли тавсиялар берилди.
Севара Исмоилова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶