“КЕКСАЛАР САЛОМАТЛИГИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ОЙЛИГИ” ДОИРАСИДА НУРОНИЙЛАР ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИЛДИ
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги каби Амударё туманида ҳам “Кексалар саломатлигини муҳофаза қилиш ойлиги” тадбирлари намунали даражада ташкил этилмоқда.
15 август куни туман Тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникасида барча ҳудудлардаги кеска отахон ва онахонлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Ушбу тиббий кўрикка оила шифокорлари билан бир қаторда тор доира мутахассислари – уролог, офтальмолог, кардиолог, эндокринолог, стоматолог шифокорлар ҳам фаол қатнашишди. Кўрик давомида лаборатория хизмати, ЭКГ, УЗИ текширувлар ҳам ташкил қилинди.
Маълумки, юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги тегишли Қарори, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Нуроний” жамғармасининг шу йил 1 августдаги қўшма қарорларига асосан 1 августдан 1 сентябргача бўлган давр “Кексалар саломатлигини муҳофаза қилиш ойлиги” деб белгиланган.
Шунга мувофиқ ойлик доирасида туманимизда ҳам кексалар саломатлигини асраш, уларнинг тўғри овқатланишини ташкил этиш, нуронийлар ўртасида жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадидаги тадбирлар ташкил этилмоқда. Бу борада туман Тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан ҳамкорликда бир қатор режали ишлар амалга оширилмоқда. Режага кўра, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида нуронийларни ёши, ҳолатига қараб, уларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишига, фаол турмуш тарзини юритишга жалб қилиш мақсадида “Саломатлик учун 5000 қадам” шиори остида пиёда юриш тадбирлари, соғломлаштириш машғулотлари йўлга қўйилиши кексаларни фаол турмуш тарзига кенг жалб этишга хизмат қилмоқда. Якка-ёлғиз ва касалманд кексалар ҳолидан хабар олиниб, муолажа чоралари белгиланмоқда. Бу каби юксак эътибор ва ғамхўрлик, яратилаётган қулайликлар туманимиздаги нуронийларни ниҳоятда хурсанд қилмоқда.
Кўп тармоқли марказий поликлиникада ойлик доирасида ташкил этилган мазкур тиббий кўрикда ҳам тор доирадаги шифокор-мутахассислар отахон ва онахонларнинг саломатлигини текширувдан ўтказишди. Улардан қон ва бошқа таҳлил намуналари олинди. Шу куни уй шароитида даволанишга муҳтож кексалардан 3 нафарининг саломатлиги ўз хонадонларида текшириб кўрилди.
Кўрикдан ўтказилган 214 нафар кексалар ва нуронийлардан 147 нафарида ҳар хил сурункали ва ўткир касалликлар аниқланди. Улардан 2 нафарига туман шифохонасида стационар, қолган 145 нафарига шифокорлар тавсиясига асосан амбулатор ва уй шароитида соғломлаштириш муолажалари тавсия қилинди. Шунингдек, 3 нафар нуронийга тиш протези қўйиб бериш режалаштирилди.
Ундан ташқари, кўрикка ташриф буюрган кексаларга Тиббиёт бирлашмасининг саломатлик маркази масъуллари томонидан тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзини юритиш бўйича тавсия ва маслаҳатлар берилди. Кексаларда соғлом ва тўғри овқатланиш, кексаларда жисмоний фаоллик, кун тартиби, қон босимини ўлчаш, семизликнинг касаллик экани ҳақидаги маълумотлар, эслатмалар қайд этилган буклетлар ҳам тарқатилди.
Кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида ойлик доирасида ташкил этилган тиббий кўрик учун барча нуронийлар ўз миннатдорчиликларини билдиришди. Бу каби эзгу ва хайрли ишлар юртимиз файзи бўлган пиру-бадавлат кексалар саломатлигини янада яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Жумабой Явкашев, ТТБ ташкилий-услубий бўлими мудири.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶