ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИНИНГ ФАОЛИЯТИ САМАРАЛИ БЎЛАЯПТИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ овул, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари аҳолига амалга оширилаётган давлат сиёсати ва ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириб, улар ҳаётидаги муаммоларни жойида ҳал қилишмоқда.
Улар сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишларини белгилаб, хонадонбай рўйхат асосида ҳар бир маҳалла кесимида ҳақиқий ижтимоий аҳволни аниқлашиб, зарурат туғилган оилаларни қўллаб-қувватламоқда, тадбиркорликка қизиқувчи аҳолига фаолиятини ташкил этишига кўмаклашмоқда. Шунингдек, маҳаллаларда аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган хизматлар турларини ривожлантираётгани боис, ҳоким ёрдамчиларига халқнинг ишончи, ҳурмати ортмоқда.
Туманимизнинг Қангли овулида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиси Каромаддин Эшмонов ҳам ўз меҳнатлари, интилишлари билан овул ҳаётида ижобий ўзгаришлар, янгиланиш ларга сабабчи бўлаётир.
Овулда 621 та хонадон мавжуд. Улардаги 932 та оилада 3476 нафар аҳоли истиқомат қилади. Йил бошида овул фуқаро йиғини масъуллари иштирокида барча хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, шунга мувофиқ ҳудудда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди ва ижроси таъминланмоқда.
Йилнинг ўтган ярим йилида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури асосида хатлов давомида аниқланган тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бор 67 нафар фуқарога имтиёзли кредит олишга тавсияномалар берилди ва ажратилган 982,7 миллион сўм кредит эвазига фаолиятини бошладилар. Ишсиз, аммо меҳнат қилишга яроқли 37 нафар аҳолига “E-Auksion” электрон савдо платформаси орқали 27,6 гектар ер узоқ муддатга ижарага деҳқончилик билан шуғулланиши учун ажратилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий, ишончли даромадга эга бўлишига, турмуши фаровонлашувига асос бўлади. Каромаддин Эшманов шунинг учун ҳам ишсиз, ишлаш истагидаги аҳоли, айниқса ёшларнинг бандлигини таъминлашга, яхши даромад топиб, ўз ҳаётларидан мамнун бўлиб яшашларига эришишига интилмоқда. Унинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари натижада овулнинг 123 нафарининг бандлиги таъминланди. Уларнинг 67 нафари доимий ишга жойлашди, 1 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб этилди, 55 нафар фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиши орқали бандлиги таъминланди, янгидан 2 та юридик, 8 та деҳқон хўжаликлари субъектлари ташкил этилди.
Каромаддин Эшмонов овул фуқаролар йиғини раиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорликда ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришнинг ички имкониятларини излаб топишга, томорқа ерлардан самарали фойдаланишга эришишга, оилаларда даромад манбаларини яратишга интилмоқда.
Қанглиликлар асли меҳнаткаш, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланмайдиган одам йўқ ҳисоби овулда. Эндиликда кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятларни йўлга қўйиш орқали овул аҳолиси турмуши сифатини ошириш ҳоким ёрдамчисининг асосий мақсади. Бу борада кўпгина натижаларга эришаяпти ҳам.
Интилганга толе ёр, дейди халқимиз. Ҳа, чиндан-да эзгу ниятлар, аниқ мақсадлар сари интилиш – бесамар кетмайди. Ишлашдан, эл ғамида интилишдан чарчамайдиган Каромаддин Эшмановнинг келгуси фаолиятига ҳам муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶