Маҳалла – тарбия маскани. “СОҒЛОМ МУҲИТ – СОҒЛОМ ҲАЁТ” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА ОШКОРА МУЛОҚОТ ТАДБИРИ БЎЛИБ ЎТДИ
Биз ҳаммамиз маҳаллада яшаймиз. Жамики орзу-ниятларимиз, дард-у ташвишларимиз билан ана шу гўзал жамоавий бирлик оғушида ўзимизни эркин, осойишта ҳис қиламиз. Шунинг учун ҳам қаерда бўлишимиздан қатъий назар ҳаётимизнинг ҳар бир нурли куни якунида, оқшомларда маҳалламиз томон интиламиз. Унинг ҳар бир кўчаси, чароғон хонадонлари юрагимизга жуда яқин, севимли. Она Юртга муҳаббат, ватанпарварлик, халқпарварлик туйғуси юрагимизга маҳалламизга ва демакки, оиламиз ва маҳалладошларимизга бўлган чексиз меҳр билан қоришиб, бу сўлим гўша бизни ўз бағрига чорлайверади. Назаримда ана шу туйғуларга ҳамроҳ бўлгани учун инсон шахс сифатида шаклланади, феъл-атворини одамийлик фазилатлари ила зийнатлайди. Лекин...
Лекин инсонлар ҳаёти бир текис, равон кечмайди. Чунки инсон қанчалик кучли ақл-заковат эгаси, дунёни ўзгартиришга қодир қудратли ҳукмдор бўлиши мумкин, агар у ўз ҳиссиётларининг қулига айланмаса. Донишманд боболаримиз бекорга: “ҳиссиётларини жиловлай билмаган инсон, агар у ҳукмдор бўлса, нафақат ўзини, балки халқи ва мамлакатини ҳам ҳалокатга етаклайди”, дейишмаган.
Инсоннинг маҳалладошлари олдида обрў-эътиборли, оилапарвар шахс сифатида ғурур билан яшашга монъелик қилаётган иллатлардан бири бу алкоголь истеъмоли билан боғлиқ салбий ҳолатдир. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича 15-49 ёшдаги эркаклар ўртасидаги барвақт ўлимнинг 12 фоизи, (яъни ҳар – 8-9 нафар эркакнинг бир нафари) айнан алкоголь истеъмоли билан боғлиқ. Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти мониторингига кўра, Ўзбекистонда сўнгги ўн йиллар давомида аҳоли орасида алкоголь истеъмол қилиш 35 фоиздан ҳам ошган. Ачинарлиси шундаки, 15 ёшдан катта бўлган эркаклар орасида йилига ўртача салкам 16 литр алкоголь ичимликлари истеъмол қилиниши оқибатида алкоголь истеъмоли билан боғлиқ зарарли одатлар туфайли юрак-қон томир, рак касалликлари, қасддан ва тасодифий содир этилган оғир тан жароҳатлари, йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда. Бундан ҳам ёмони, айрим оилаларда нотинчлик, ажрашишлар, ўртада ярим етим улғайишига мажбур болалар сони ошиб бормоқда.
Сўнгги йилларда нафақат алкоголь истеъмоли, балки гиёҳвандлик иллати бутун дунёни ташвишга солаётган глобал муаммолардан биридир. Бу иллат инсонлар соғлигига, жамият тараққиётига жиддий таҳдид ва хавф-хатар манбаига айланди. Бугунги кунда дунё миқёсида ўз эҳтиросларини жиловлай олмаган 200 миллиондан зиёд одам ушбу иллатнинг қулига айланиб қолган ва БМТ маълумотларига кўра, ушбу оғу ҳар йили 200 мингдан зиёд одамнинг умрига зомин бўлмоқда. Бундан ташқари, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг салкам 60 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.
Хўш, ўз ҳиссиётларига қул бўлган инсонлар, кимлар? Уларни ўзлари билиб-билмай тушиб қолган ёқимсиз иллатлар комидан қайтариш борасида атрофидаги соғлом фикрли инсонлар, маҳалла фаоллари, маҳалладошлари, жамоат ташкилотлари масъуллари қандай ишларни амалга оширишмоқда?
Амударё туманида оилалар тинчлигига рахна солувчи юқоридаги каби иллатларга қарши курашиш борасида Амударё туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, туман ИИБнинг ҳудудий профилактика инспекторлари, овул ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоли, Амударё туман Тиббиёт бирлашмаси наркология хонаси шифокорлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган тадбирлар, тушунтириш-тарғибот учрашувларида аҳоли вакиллари фаоллари кенг қамраб олинмоқда. Хусусан, “Оила - муқаддас”, “Бир болага етти маҳалла ота-она”, “Қиз бола оиланинг, эр бола элнинг кўрки”, “Саломатлик – соғлом оила пойдевори”, “Алкоголь истеъмоли – оилалар кушандаси” мавзусидаги ошкора мулоқот ва давра суҳбати шаклидаги тадбирларнинг мутахассис шифокорлар, намунали оилалар бошлиқлари ва бекалари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар ва ҳудудий профилактика инспекторлари иштирокида ўтаётгани ўзининг самарасини бермоқда.
Жорий йилнинг 19 июль санасида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Қорақалпоғистон Республикаси намунали туманлараро марказида бўлиб ўтган Амударё телевидениесининг “Соғлом муҳит – соғлом ҳаёт” грант-лойиҳаси доирасидаги тадбирда ҳам масъуллар ёш оилаларнинг нотинчлигига, инсонларнинг барвақт ўз соғлигидан ажралишларига, ҳатто ҳаёт баъзи ҳолатларда жиноятлар содир бўлишига олиб келаётган алкоголь истеъмоли, гиёҳвандлик, шунингдек, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари ва уларнинг олдини олиш борасида сўз юритилди. “Соғлом муҳит – соғлом ҳаёт” лойиҳаси доирасидаги “Оила тинчлиги – маҳалла ва эл-юрт осойишталиги” мавзусидаги тадбирда Амударё тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Собурова, “Соғлом муҳит – соғлом ҳаёт” грант-лойиҳаси координатори, журналист Робия Йўлдошева, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Қорақалпоғистон Республикаси намунали туманлараро маркази директори Гавҳар Чимбайчиева ҳамда ТТБ кўптармоқли марказий поликлиника наркология хонаси нарколог-шифокори Баҳодир Чоршамов, ТТБ шифокори Жумабой Явқашев, овул ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ҳамда намунали оила бекалари иштирок этдилар.
Очиқ ва ошкора, самимий мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда Амударё туман хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Собурова оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳузурида ташкил этилган “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази фаолияти муҳим аҳамият касб этаётгани хусусида сўз юритди. Унга кўра, мазкур марказда оила қураётган ёшларга зарарли одатларга берилмаслик, айниқса, алкоголь истеъмоли, гиёҳвандлик иллатига ружу қўймаслик хусусида кенг тушунчалар бериб борилаётгани, мазкур марказда ҳар ойда 15 жуфт оила қуриш арафасида турган келин-куёвлар ўқитилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида сўзга чиққан журналист Робия Йўлдошева “Соғлом муҳит – соғлом ҳаёт” лойиҳаси доирасидаги бу каби мулоқот тадбирларининг аҳамияти ва ундан кутилаётган натижалар хусусида тўхталиб, статистик маълумотларга кўра, эрта турмуш қурган ёки алкоголь истеъмоли, гиёҳвандликка ружу қўйган ёш оилалар жуда кўп ҳолларда эрта ажралиб кетаётганлари, турмушдаги муаммолар ечимини топишда тажрибасизликлари туфайли тирик етимлар сафининг ошишига сабаб бўлаётганларини афсус билан қайд этди.
Шунингдек, тадбирда масъуллар ҳозирги кунда ёшлар ўртасида ичкиликбозлик, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилишининг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор Фармон ва Қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”нинг тегишли бандларига асосан айни пайтда Амударё тумани маҳаллаларида истиқомат қилувчи сурункали ичкиликбозликка берилган 176 нафар шундан 4 нафар гиёҳванд бемор республика наркология диспансери ҳисобида рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг саломатлиги, бундан ҳам муҳими, оила аъзолари билан ўзаро муносабатлари доимий назоратга олинган. Рўйхатга олинганлардан 3 нафари ихтиёрий равишда, 7 нафари мажбурий равишда Тахиатош шаҳридаги Республика Наркология диспансерида даволанишга юборилган. Шунингдек, ҳар бирининг оиласига бориб, оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказилди, зарур маслаҳатлар берилди.
Тадбир иштирокчилари ўз ҳиссиётларига қул бўлиб, ўзига ва оила аъзоларига ташвишлар келтираётган бу каби шахсларнинг ҳаётларини тўғри йўлга солиш юзасидан маслаҳатлар, зарур фикрлар билдирдилар. Шу билан бирга маҳалла – ҳар бир инсон учун тарбия маскани эканлигини, шу боис, маҳалладошлар бири-бирининг тақдирларига бефарқ бўлмасдан, зарур пайтда ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб, маслаҳатлар беришлари зарурлигини қайд этдилар. Бундан ташқари, эрта турмуш қуриш ва қариндошлар никоҳининг зарарли оқибатлари хусусида ўзаро фикр ашмашдилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶