Бештом маҳалласида туман ҳокимининг ёшлар билан учрашуви ва сайёр қабули бўлиб ўтди
11 май куни Бештом маҳалла фуқаролар йиғини биносида туман ҳокимининг сайёр қабули ва ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, Халқ қабулхонаси бўлими мудири Эркин Ражабов, туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов ҳамда маҳалла фаоллари, ёшлар вакиллари иштирок этди. Иштирокчиларнинг 18 нафари туман ҳокимига бириктирилган ёшлар бўлиб, сайёр қабулда улар ўз муаммо ва таклифлари билан масъулларга мурожаат қилдилар.
Учрашувда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев жамиятнинг энг катта таъсирчан кучи сифатида бугун юртимиз ёшлари давлатимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишаётганини, ватанимиз тараққиётини таъминлаш йўлида ўз ғоя ва таклифлари билан майдонга чиқаётганлигини, шу боисдан ёшларнинг интилишлари ва ҳаётий мақсадлари ҳар қандай соҳа ривожида катта асос бўлиб хизмат қилишини айтиб ўтди.
Дарҳақиқат, ёшлар муаммоларини ўрганиш ҳар бир даврнинг энг муҳим масаласи сифатида қаралиб келинган ва бу жараён бугун ўзининг янги ривожланиш даврини бошидан ўтказмоқда.
Айниқса, ёшлар бандлиги ва бу орқали уларнинг даромад топишларини таъминлаш борасида сўнгги йилларда давлатимиз томонидан қатор амалий чоралар олиб борилмоқда. Аммо, бу борада талай муаммолар ҳам борки, уларни ҳал этиш бўйича масъул идора вакилларининг жонбозлиги ва ватанпарварлиги бугун ҳар қачонгиданда муҳимдир.
Учрашув давомида маҳаллада яшовчи ёшлардан бири – Маъмуржон Матризаев субсидия асосида чилангарлик асбоб-ускуналарини олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Фаол ёшлардан яна бири Темур Шомурадов эса сафарбарлик чақирув резервига бориш истаги борлигини, аммо оилавий шароити туфайли бадал пулларини тўлашга имкони бўлмаётганлигини айтиб мурожаат қилди. Унинг мурожаати ҳам шу ернинг ўзида ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Ундан ташқари, учрашувда маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи фаол фуқаролар маҳалла инфратузилмасини яхшилаш бўйича ўз таклифларини билдириб ўтишди.
Таъкидлаш лозимки, жамиятимизнинг энг муҳим бўғини ҳисобланадиган маҳалла бугун ҳаётимизга дахлдор барча масалаларни ҳал этишда бевосита иштирок этувчи, халқ ва давлатни бир-бирига яқинлаштириб, улар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи муҳим тузилмага айланиб бормоқда.
Аниқроқ айтганда, давлатимизнинг барқарор ривожланиши, халқ фаровонлигининг ошиши, фуқароларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан яшашларини таъминлаш бўйича қўйилган мақсад ва вазифаларни изчил амалга оширишда жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳисобланган маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Шу маънода, бугун маҳаллаларда юзага келаётган муаммоларни шу ернинг ўзида, маҳалла ичида ижобий ҳал этиш ҳар қачонгиданда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада эса масъулларнинг жойларга чиқиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказаётгани давлат ва халқ ўртасида восита бўлмоқда.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶