ТОМОРҚА – ХАЛҚИМИЗ УЧУН ҲАҚИҚИЙ ТАЪМИНОТ МАНБАИГА АЙЛАНМОҚДА
Аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишида томорқа хўжаликларининг аҳамияти катта. Шу боис, Амударё туманида томорқа хўжалиги фаолиятини ривожлантириш, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллаларни ихтисослаштиришга қаратилаётган эътибор туфайли овул ва маҳаллаларда “дала дўконлари”, ўрта ва кичик сиғимли музлатгичли омборхоналар, полиз ва сабзавот экинларининг кўчатларини етиштирувчи енгил конструкцияли иссиқхоналар ташкил этилаётгани ўзининг самарасини бермоқда.
Жорий 2023 йилда Амударё туманидаги 39853 та томорқа ва 295 та деҳқон хўжаликлари ихтиёридаги 6652,2 гектар экин майдонларидан унумли фойдаланиш мақсадида туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши мутахассислари томонидан аниқ йўналтирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2023 йилда 5807,3 гектар майдонга эртаги экинларни, жумладан, 2731,1 гектарга сабзавот, 758,1 гектар ерга полиз, 869,2 гектар картошка, 422,1 гектар дуккакли, 160,9 гектар майдонга мойли экинларни экиш режалаштирилган. 865,2 гектар ерга эса бошқа зарур экинларни жойлаштириш белгиланди.
Айни пайтда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан 2023 йил ҳосили учун 1141,2 гектар майдонга пиёз, саримсоқпиёз экилди. Аҳоли томорқаларидаги 1183 та иссиқхоналарда эртаги полиз ва сабзавот кўчатлари етиштирилиб, ички бозорга тўлиқ йўналтирилмоқда. Бундан ташқари, 49 та овул ва маҳаллалардаги аҳоли томорқаларида жами 10,5 гектар майдонда ҳар бири 1-1,5 сотихли 804 та иссиқхоналар ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунда 421 та ана шундай иссиқхоналар қурилиб, эгаларига топширилди.
“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида 21 та маҳаллани ихтисослаштириш, ҳар бир секторда 2 тадан маҳалла, 16 та кўча ва 521 та хонадоннинг томорқа хўжаликларини намунали талаблар даражасига етказиш режалаштирилган ва шу асосда иш олиб борилмоқда.
Шунингдек, туман аҳолисини сифатли полиз ва сабзавот маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида жами 12 та маҳаллада, шундан 8 та аҳоли гавжум яшайдиган маҳаллаларда енгил конструкцияли “дала дўконлари” ва кичик сиғимли музлатгич омборхоналар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Халқимизнинг узумга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида жорий йилнинг ўзида 6000 та хонадоннинг кўча ва ҳовли четларига узум кўчатларини экиш режалаштирилган бўлиб, айни пайтгача 4900 та хонадон ҳовлиси ва кўча қисмига узум токлари экилди.
Аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш мақсадида хонадон чорваси, хонадон паррандаси, шунингдек, қуёнчилик, қўй-эчки, қорамол боқиш ва асаларичиликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам самарали ташкил этилди. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида, бугунги кунда 513 та хонадон томорқасида 51300 бош парранда парваришлашни йўлга қўйиш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу режага кўра, аҳолига паррандаларни етказиб бериш учун учта таъминотчи корхоналар бириктирилди. Айни пайтда 1223 та хонадоннинг ҳар бирида камида 65 бош парранда боқиш йўлга қўйилиб, бунинг натижасида 1223 та иш ўрни яратилди.
Томорқа хўжаликларига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида 8 та “Томорқа хизмати” МЧЖ ташкил этилди. “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида “Амударё томорқа хизмат” МЧЖ кластер корхонаси томонидан 6340 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари олиб келиниб, томорқа ер эгаларига арзон нархларда етказиб берилди.
Томорқа ер эгаларининг ердан унумли фойдаланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, томорқани халқимиз учун ҳақиқий таъминотчи корхонага айлантиришларига кўмаклашиш мақсадида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузуридаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан имтиёзли кредит маблағлари ажратилаётгани томорқа ер эгалари учун қулай имкониятлар яратиб, уларнинг мўл-кўл даромад олишларини таъминламоқда.
Илҳом ПОЛВОНОВ,
туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари Кенгаши раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶