36-СОНЛИ МАКТАБ ЎҚИТУВЧИСИ АЗИМБОЙ САФАРБОЕВ “ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ФИДОЙИСИ” КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ
Таълим соҳасида салкам 35 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган малакали педагог, тажрибали математика ўқитувчиси Азимбой Сафарбоев таълим жараёнига инновацион технологияларни татбиқ этиб, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириб келмоқда. Яқинда маҳоратли устоз соҳа ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Устоз ўтган йиллар давомида туманимиздаги бир неча умумтаълим мактаблари ҳамда собиқ Амударё Қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида математика фанидан дарс бериб, кўплаб шогирдлар етиштирди. Айни пайтда ундан таълим олган ёшлар турли соҳаларда фаолият кўрсатиб, жамият ривожига муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда.
Азимбой Сафарбоев 1965 йилда Амударё туманида зиёли, яъни ўқитувчилар оиласида туғилиб, вояга етган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг, 1982-89 йилларда Тошкент Давлат университети, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультетида таълим олган. Соҳадаги фаолиятини 1988 йилда Тошкент шаҳар 157-сонли мактабининг математика фани ўқитувчиси бўлиб ишлашдан бошлаган. 1989 йилда Амударё туманига қайтиб келиб, ишни 15-сонли мактабда давом эттирган. Устоз ҳозирги кунда 36-сонли мактабда математика фанидан дарс бериш билан бирга ўзи ташкил этган “Ёш математиклар” тўгарагида қизиқувчи ёшларга фан сирларини ўргатиб, иқтидорларини юзага чиқаришларига кўмаклашиб келаётгани натижасида улар турли ютуқларга эришишмоқда.
Маҳоратли педагогнинг ўқувчилари умумтаълим фанлари олимпиадасининг Қорақалпоғистон босқичида, жаҳон олимпиадаларида муваффақиятли қатнашиб келишмоқда. Ундан таълим олган кўплаб иқтидорли ўқувчи-ёшлар ҳар ўқув йилида юртимиздаги ва хориждаги турли нуфузли олий таълим муассасалари талабалари бўлишмоқда.
Азимбой Сафарбоев 2015 йилда Ўқитувчилар байрами арафасида “Ўзбекистон ўрта махсус касб-ҳунар таълими аълочиси”, 2016 йилда “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 25 йил” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Ўз устида мунтазам равишда ишлаб келаётган фидойи ўқитувчи илмий-услубий изланишлари асосида 2010-2014 йилларда ўз муаллифлигида яратган «Замонавий дарсни ташкил этиш методикаси», «Тригонометрик тенглама ва тенгсизликлар системалари», «Логарифмик тенгламаларни ечишнинг қулай усуллари», «Абитуриент учун математикадан тест саволлари», «Квадрат функциялар графиги», «Ўқувчиларда мантиқий фикрлашда математика фанининг ўрни» каби 12 дан ортиқ ўқув-методик қўлланмалари таълим жараёнига тадбиқ этилган. Шунингдек, у яратган «Математикадан олимпиада масалалари» мавзусидаги электрон дарс ишланмаси, 150 дан ортиқ кўргазмали воситалари, мураккаб мавзуларни ўқитиш бўйича электрон слайд ва плакатлардан дарс машғулотларида самарали фойдаланилмоқда.
Фидойи ва жонкуяр ўқитувчи таълим муассасаси ва маҳаллада ўтказиладиган тадбирларда ҳам фаол қатнашиб, мамлакатимизнинг таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараларини тарғиб қилиб келмоқда. Азимбой Сафарбоев изланувчан педагог, жонкуяр ва камтар инсон сифатида ҳамкасблари ва маҳалладошлари ўртасида ҳам ҳурмат қозонган.
Биз Азимбой Сафарбовнинг келгусидаги ишларида муваффақият тилаб қоламиз.
Озода Худойберганова, 36-сонли мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶