ҚИПЧОҚЛИК ЁШЛАР БИЛАН ТУМАН ҲОКИМИНИНГ УЧРАШУВИ САМИМИЙ МУЛОҚОТ ТАРЗИДА ЎТДИ
Мамлакатимизда йил сайин ёшларга эътибор, уларнинг ҳаётига оид муаммоларини манзилли равишда ўрганиш, ёшлар билан давлат идоралари раҳбарлари ўртасида мустаҳкам алоқа ришталарини ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида давлат идоралари билан халқ, айниқса ёшлар ўртасидаги бюрократик тўсиқларга барҳам берилиб, ошкора ва самимий муносабат муҳити яратилмоқда. Бу эса барча тоифадаги раҳбарлар учун халқ ҳаётига оид муаммоларни жойига чиқиб, батафсил ўрганиш, ўз вақтида зарур чоралар кўриш имконини бермоқда.
Бу борада муҳтарам Президентимизнинг ҳар галги халқ олдида, айниқса, ёшлар билан учрашувларида бугунги ёшлар – мамлакат иқтисодиёти, сиёсий-маънавий, ижтимоий ва маданий ҳаётининг эртанги кунги қудратли локомативларидир, деган юксак эътирофи ёшларнинг орзу-интилишларига қанот бағишламоқда. Айниқса, билимдон, қобилиятли, қўлида касб-ҳунари бор, интилувчан, лекин ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар билан бўлаётган бу каби ошкора, самимий мулоқотлар асносида уларнинг ўз иқтидорларини амалда намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани қувонарли.
Амударё туманининг Қипчоқ шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи ёшлар билан 1-сектор раҳбари, туман ҳокими Султонбой Йўлдашевнинг учрашуви қипчоқлик ёшларнинг орзулари ушалишига замин яратди.
Ошкора ва дилдан суҳбат тарзида бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви тадбирида туман Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражабов, туман ҳокимининг ўринбосари Маҳмуд Шерметов, Ёшлар агентлиги Амударё тумани бўлими бошлиғи Сардор Исмоиловлар ҳамда Қипчоқ шаҳарчасида истиқомат қилувчи 28 нафар фаол ва муаммоли ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Учрашувда Амударё тумани ҳокими Султонбой Йўлдашев иштирокчи ёшлар билан дилдан мулоқотда бўлиб, уларнинг ўқишда, иш фаолиятлари жараёнида эришаётган ютуқлари, шунингдек, шаҳарча ёшларини қийнаб келаётган муаммолар билан яқиндан танишди. Танишув асносида, касб-у кори, ҳунари бор-у ўз тадбиркорлигини йўлга қўяолмаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар, шунингдек, билимдон, замонавий компьютер, технологиялари сотиб олишни, дастурчи бўлишни орзу қилган ёшлар билан суҳбатлашди.
Шу куннинг ўзида ана шундай қобилиятли ёшлардан Оғабек Қурбонбоевга субсидия асосида замонавий компьютер жамланмаси, тикувчилик йўналишида ўзларининг якка тадбиркорлик фаолиятларини бошлаш ниятида бўлган Севара Раҳимова ҳамда Инобат Абдикаримоваларга ҳам субсидия асосида тикув машинаси олишда ёрдам бериш чоралари кўрилди.
“Ҳоким ва ёшлар” учрашуви давомида Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражабов қипчоқлик ёшларга ҳуқуқий масалаларда ўзининг маслаҳат ва тавсияларини берди.
Ёшлар ҳам ўз навбатида туман ҳокимига ва бошқа масъулларга ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича саволлар билан мурожаат қилдилар ҳамда тегишли жавоблар олдилар.
Робия Йўлдошева

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶