Интенсив боғларни янада кўпайтириш бўйича семинар бўлиб ўтди
Кейинги йилларда мамлакатимизда янги боғлар ташкил этишда интенсив, тез ҳосилга кирувчи пакана ва ярим пакана пайвандтагларга уланган мевали дарахт кўчатлари экилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амударё туманида жами 971,7 гектар майдонда мевали боғлар мавжуд бўлиб, шундан 563,3 гектар майдондагиси олдиндан мавжуд боғлардир. Сўнгги йилларда фермер хўжаликлари ва аҳоли томонидан боғ яратиш ишлари юқори суръатда ўсиши натижасида туманнинг 408,4 гектар майдонида янги боғлар ташкил этилишига эришилди. Галдаги вазифа – маҳаллий боғлардан интенсив боғ яратишга ўтишдир.
16 февраль куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида бўлиб ўтган семинар ҳам айни шу масалага бағишланди.
Семинарда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, туман ҳокимининг қишлоқ ва сув ҳўжалиги масалалари бўйичи ўринбосари Мурод Ержанов, “BENE FRUITS” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Айдин Лал, жамиятнинг иш бошқарувчиси Азамат Қурбонов ҳамда туман Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари Кенгаши аъзолари ҳамда боғдорчилик билан шуғулланувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари иштирок этишди.
Семинарда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев интенсив боғларнинг сонини кўпайтириш лозимлигини, мазкур турдаги боғларнинг афзаллигини йиғилганларга батафсил тушунтириб ўтди.
Туман ҳокими ўринбосари Мурод Ержанов жорий 2023 йилнинг баҳор-куз ойларида фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида жами 200 гектар майдонларга мевали боғ ҳамда 20 гектар майдонда янгидан узумзорлар ташкил этиш мақсадида 167 минг дона мевали ва 24,5 минг дона узум кўчатларини экиш режалаштирилганлигини айтиб ўтди.
Шундан сўнг, Хоразм вилоятидаги “BENE FRUITS” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Айдин Лал инвинтро лабораторияларида етиштирилаётган интенсив кўчатларни танлаш ва экиш бўйича боғбонлар ҳамда фермерларга тафсиялар бериб ўтди.
Қайд этиб ўтилганидек, интенсив боғларда дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун улар билан ишлаш жуда қулай. Яъни, уларни суғориш, кесиш, шакл бериш, меваларини териш боғбонга асло қийинчилик туғдирмайди. Яна бундай боғларда дарахт танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлганлиги учун мевасининг сифати юқори бўлади.
Таъкидланганидек, оддий олмали боғнинг бир гектаридан 10-20 тоннагача ҳосил етиштириш мумкин. Пакана ва ярим пакана дарахтлардан эса 50-80 тоннагача ҳосил олса бўлади. Интенсив боғларда асосан олма кўчатлари экилишининг боиси олма дарахтининг кўчатлари тез ҳосилга киради, гектарига кўчат сони қалин экилиши сабабли ҳосилдорлик юқори бўлади. Бунда экилаётган олма навлари пайвандтагга пайванд қилиниб, кўчатзорларда кўпайтирилиб, экилади.
Интенсив мевали боғларда экилаётган олма кўчатларининг асосий навлари Давлат реестрига киритилган “Голден”, “Делишес”, “Старкримсон”, “Ренет”, Симиренко” ва бошқалардир.
Шу ўринда айтиш лозимки, интенсив боғлар кўпайиб, ҳосилдорлиги йилдан-йилга ортиб бораётгани аҳолини йил давомида сархил мевалар билан таъминлаш имконини беради. Қолаверса, тадбиркорлар ва фермерлар мевани қайта ишлаб, улардан шарбатлар, мурабболар тайёрлаб, халқимиз дастурхонига етказиб бермоқда.
Юнусбек Отажонов, туман боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги раҳбари

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶