Бир гуруҳ фермерлар ва деҳқонлар, томорқа ер эгалари кўкрак нишонлари билан тақдирланди
Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг тарзда нишонланиб келинмоқда. Соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор деҳқон ва фермерларимизга, қишлоқ аҳолисига алоҳида куч-ғайрат бағишламоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳаси фидойиларининг меҳнатлари бутун халқимиз, Президентимиз томонидан доимо эътироф этилиши уларнинг ўз касбига бўлган меҳр-муҳаббатини янада оширмоқда.
Амударёлик қишлоқ хўжалиги ходимлари бу йилги байрамни ҳам меҳнатдаги ютуқлари билан қарши олдилар. Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами муносабати билан 13 декабрь куни Амударё тумани ҳокимлигининг мажлислар залида соҳа илғорларини тақдирлаш бўйича йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг қадимий, ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган таянч тармоқларидан бири эканлигини таъкидлаб, ана шундай муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорларни байрам билан табриклади. Туман ҳокими соҳа илғорларининг бу йилги машаққатли меҳнатлари, эришган натижалари ва қўлга киритган ютуқларини юқори баҳолаб, келгуси йилда ҳам барча қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олишларига тилакдош бўлди.
Маълумки, 2018 йил 26 июнь кунги Президент қарори билан “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари таъсис этилган эди. Амударёлик 16 нафар фермерга “Илғор фермер”, 5 нафар деҳқонга “Меҳнаткаш деҳқон”, 6 нафар томорқа ер эгасига эса “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, унинг иқтисодий қудратини ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, халқимизнинг ризқ-рўзи ва фаровонлигини, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган амударёлик фермерлар чиндан ҳам бу каби ҳурмат ва эътиборга лойиқдир.
Ажратилган ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланиб, аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотларни етказиб бериш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, экин майдонлари унумдорлигини ошириш борасида салмоқли ишларни амалга ошираётган деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ҳам халқимиз дастурхони тўкинлигининг сабабчиларидан биридирлар.
Шахсий томорқа ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришаётган, арзон ва сифатли маҳсулотларни етиштириш ҳамда ички бозорни барқарор таъминлаш ишларига муносиб ҳисса қўшаётган, деҳқончилик маданияти ва сир-асрорларини пухта эгаллаган илғор томорқа ер эгалари эса барча томорқачиларга ўрнакдир.
Биргина фермер хўжаликлари ишчи-хизматчиларининг фидокорона меҳнатлари билан якунланаётган йилда туманимиз бўйича 6000 гектар майдонга экилган ғалладан 12 минг 832 тонна дон, 13 минг 900 гектар пахта майдонидан 44 минг 844 тонна “оқ олтин” ҳосили олинди.
Деҳқон ва томорқа хўжаликларида етиштирилган минглаб тонна ғалла, сабзавот ва полиз экинлари, мевалар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорларимиз тўкинлиги ва уларда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев зиммаларидаги мана шундай юксак масъулиятли вазифаларни бажаришда бошқаларга ўрнак бўлаётган деҳон-фермерлар ва томорқачиларга, қишлоқ хўжалиги соҳаси фидойиларига чуқур миннатдорлик билдириб, келгуси ишларига омад ва зафарлар тилади.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶