49-сонли мактабда хорижий тиллар фан ойлиги доирасида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Амударё туман халқ таълими бўлимига қарашли 49-сонли умумтаълим мактабида ноябрь – хорижий тиллар фан ойлиги доирасида “Тил билган – эл билади” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Аввало шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мактабда хорижий тиллар фан ойлигини муваффақиятли ўтказиш мақсадида хорижий тиллар услуббирлашма аъзолари томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ҳар ҳафтада алоҳида мавзулаштирилган тадбирлар, очиқ дарслар, “Заковатли болалар” ўйинлари, синфлараро ва гуруҳлараро беллашувлар ташкил этилди.
Инглиз тили ўқитувчиси Гўзал Сапарбоева 2-синф ўқувчилари иштирокида адабий-мусиқий тарздаги очиқ дарс ташкил этди. Дарсда ўқувчилар ўзлари ўрганган инглизча шеърларни қўшиқ қилиб куйладилар ва рақслар ижро этдилар. Бир-бирлари билан инглиз тилида суҳбатлашдилар.
Шунингдек, фан ойлиги доирасида рус тили ўқитувчиси Роза Ерназарова 3-синф ўқувчилари иштирокида очиқ дарс ўтказди. Очиқ дарс жараёнида ўқувчиларнинг рус тилини билиш қобилиятлари синовдан ўтказилиб, аълочи ўқувчилар маънавий рағбатлантирилди. Бундан ташқари, рус тилида сўз ўйинлари, гуруҳлараро, синфлараро беллашувлар ҳам ўтказилиб, ўқувчиларнинг 1-чорак давомида эгаллаган билимлари янада такомиллаштирилди.
Ноябрь – хорижий тиллар фан ойлигининг охирги ҳафтасида ойлик давомида ўтказилган барча тадбирлар умумлаштирилди ва “Тил билган – эл билади” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Мазкур тадбирни ўтказиш учун мўлжалланган хона мактабнинг хорижий тиллар услуббирлашмаси аъзолари томонидан кўргазмали воситалар – хусусан, инглиз ва рус адабиётининг етук намояндалари ҳаёти ҳамда ижодий фаолиятини акс эттирувчи суратлар, китоблар, ўқувчилар томонидан тайёрланган суратли альбомлар ва гуллар билан безатилди.
Тадбирни мактаб директори Шукурбой Айимбетов очди ва ўз она тилидан ташқари, хорижий тилларни ўрганиш инсоннинг дунёқараши шаклланишида муҳим аҳамият касб этиши, мамлакатимизда сўнгги йилларда хорижий тилларни ўқитиш, умумтаълим мактабларининг хорижий тиллар бўйича фан хоналарини замонавий жиҳозлар, асбоб-анжомлар билан жиҳозлаш, айниқса компьютер технологиялари бўйича ўқувчиларнинг саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида батафсил сўз юритди.
Шундан сўнг, мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Гўзал Сапарбоеванинг сценарийси асосида инглиз тилида тайёрланган “Тил билган – эл билади” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирнинг асосий қисми бошланди. Унда ўқувчилар Гўзал Сапарбоева раҳбарлигида Ўзбекистонда ва дунёнинг турли нуқталарида яшовчи турфа миллатларнинг миллий кийимларини кийиб чиқишди. ўқувчилар инглиз тилида ўзаро мулоқот қилдилар. Қизиқарли савол-жавоб, куй ва қўшиқлар, тез айтишувларнинг инглиз тилида жаранглагани тадбир иштирокчиларига ўзгача завқ бағишлади.
Тадбир давомида мактабнинг рус тили фани ўқитувчилари Роза Ерназарова ҳамда Ўрозбой Алиевлар томонидан тайёрланган, рус тилини мукаммал ўрганаётган ўқувчи-ёшлар иштирокидаги “Рус дунёсига саёҳат” мавзусидаги фан ойлигига бағишланган маънавий-маърифий ва адабий-мусиқий кеча ҳам ташкил этилди.
Мазкур мусиқий кечада ўқувчилар ўз устозлари Руслан Бозорбоев, Ўрозбой Алиев, Барно Алламберганова, Умида Айимбетовалар билан биргаликда рус тилида қизиқарли ўйинлар ташкил этдилар.
Рус адабиётининг етук намояндалари асарлари ҳақида фикр юритишиб, уларнинг машҳур шеър ва ҳикояларидан айтиб бердилар. Рус халқ қўшиқлари, рақсларини ижро этишиб, барчанинг олқишларига сазовор бўлдилар. Айниқса, 2-синф ўқувчилари томонидан ижро этилган инглизча қўшиқ ва рақслар, 5-6-7-синфлар ўқувчилари тайёрлаб келган инглиз шоирларининг шеърлари, 8-синф қизлари ижросидаги рус халқ рақси, 7-синф ўқувчи-қизлар талқинидаги инглизча рақс тадбир иштирокчиларига ўзгача завқ бағишлади.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶