ДАСТЛАБКИ ЭШИТУВ ИНСТИТУТИ – СУД ТИЗИМИДАГИ ЯНГИ БОСҚИЧ
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 майдаги «Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, суд жараёнида ишларнинг ошкора кўрилиши, тортишувлик тамойилини тўлиқ жорий этиш мақсадида жиноий процессуал қонунчиликка 2021 йил февраль ойидан дастлабки эшитув институти киритилди.
Дастлабки эшитув жиноий иш юритувнинг судгача бўлган жараёни ва судлов жараёни орасидаги чегарани белгилайди. Дастлабки эшитув суд муҳокамасига тайёргарлик кўриш билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари бузилиши, уларнинг суд ва тергов органлари идоралари орасида қатнаб, беҳуда вақт сарфлаши, процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат томонидан ажратилган маблағлар мақсадсиз йўналтирилиши, процессуал муддатларнинг сабабсиз чў-зилишининг олдини олиш натижасида қонуний ва асосли қарор қабул қилишга ёрдам берадиган босқич ҳисобланади.
Дастлабки эшитув институтининг мақсади – суд мажлисида йўл қўйилиши мумкин бўлган процессуал қонун бузилишларининг олдини олиб, жиноят ишини очиқ суд мажлисида мукаммал кўриш учун тайёрлашдир. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришга мувофиқ, судья эндиликда жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш тўғрисидаги хулосага келиши талаб этилади. Шу билан бирга, у мазкур иш юзасидан дастлабки эшитувни ўтка-зиш учун асослар бор-йўқлиги ҳақидаги масалани ҳам ҳал килиши лозим бўлади. Дастлабки эшитув судья томонидан ёпиқ суд мажлисида, якка тартибда ўтказилади.
Ушбу амалиётдан самарали фойдаланиб келаётган аксарият мамлакатларда судьянинг дастлабки эшитув борасида қабул қилган қарори устидан шикоят келтириш ҳуқуқи мавжуд эмас. Миллий қонунчилигимизда дастлабки эшитув институти амалиётга жорий этилиши билан бирга, фуқароларнинг шикоят келтириш билан боғлиқ узвий ҳуқуқлари ҳам таъминлангани эътиборга моликдир.
Ж.Ўразбоев,
Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶