Назархон овули ёшлари билан туман ҳокимининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди
Бугунги кунда мамлакатимизда ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, спорт ва бошқа йўналишларда истеъдодини намоён этиши, жамиятда муносиб ўрнини топиши учун ғамхўрлик тобора кучайтирилмоқда. Чунки фаровон ҳаёт – мукаммал тарбиядан бошланади.
Шу боисдан ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча шароитларни яратиш, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш доимо давлатимизнинг устувор мақсад-вазифаларидан бўлиб келмоқда.
Амударё туманида ҳам бу борада кўпгина саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 4 август куни Назархон овул фуқаролар йиғини биносида ёшлар бандлигини таъминлаш, муаммо ва таклифларини ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилгани ҳам бу борадаги навбатдаги қадамдир.
Учрашувда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, ҳоким ўринбосари Маҳмуд Шерметов, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи Сардор Исмаилов, тегишли ташкилотлар мутасаддилари ҳамда 30 нафарга яқин фаол ёшлар иштирок этишди.
Туман ҳокими Султонбой Йўлдашев учрашувда дастлаб мамлакатимизда ёшларнинг юксак марраларни эгаллашлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, чексиз имкониятлар ҳақида тўхталиб, ёшларни ўқиб, билим олишга, шижоат билан олға интилишга ҳамда Ватан хизматига ярайдиган муносиб фарзанд бўлишга даъват қилди.
Ундан ташқари, “Эришган ютуқларимиз ўзимизники, биз хато ва камчиликларни ўрганиб, уларни бартараф қилишга ҳаракат қилмоғимиз керак!” деган фикрни ҳаётий шиор қилиб олиш кераклигини таъкидлади.
Туман ҳокими катта ютуқларни қўлга киритиб, тенгдошларига намуна бўлиб келаётган, билимга чанқоқ, изланувчан туманимиз ёшлари ҳақида ҳам ўзининг самимий фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Учрашувда ёшларнинг таклиф ва истакларини ўрганиш, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар, уюшмаган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ва иш билан таъминлаш, ёшларни маданият, санъат, китобхонлик, ахборот технологиялари тўгараклари ҳамда спорт ва ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларга жалб этиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалиётга жорий этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Шундан сўнг туман ҳокими билан очиқ ва самимий суҳбат бошланди. Ёшлар асосан ўзларининг саволлари, таклифлар ҳамда муаммолари билан туман ҳокимига мурожаат қилишди.
Учрашув давомида туман ҳокимига ёшлардан 5 нафари бандликни таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланишда кўмак бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бошқа ўзларини қийнаётган муаммоларни ҳал этишда кўмак сўраб, мурожаат қилди. Ушбу мурожаатларнинг 2 таси шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, қолган 3 тасини ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Учрашув якунида ёшлар томонидан билдирилган савол ва таклифларга батафсил жавоблар берилиб, амалий ва ижобий натижалар кўрилиши бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶