ПРЕЗИДЕНТ АДМИНИСТРАЦИЯСИ ВАКИЛИ БОШЧИЛИГИДАГИ ИШЧИ ГУРУҲ ТОМОНИДАН САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗИЛДИ
Амударё туманида Президент администрацияси вакили Акбар Жонузоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида сайёр қабул ташкил этилди.
Жорий йилнинг 7 август куни туман ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган сайёр қабулда ишчи гуруҳ аъзолари аҳолининг суд-ҳуқуқ соҳасидан ташқари барча масалалар, яъни ижтимоий-иқтисодий масалалардаги мурожаатлар тинглашди. Қабул давомида Нукус шаҳри, Хўжайли, Элликқалъа ва Амударё туманларидан ташриф буюрган фуқаролар иштирок этиб, ўзларини қийнаб келаётган муаммоли масалалар билан масъулларга мурожаат қилдилар.
Хусусан, соҳалар кесимида уй-жой таъмирлаш ва моддий ёрдам бўйича 8 та, соғлиқни сақлаш соҳасидан 7 та, коммунал хизматлар бўйича 7 та, кредит бўйича 6 та, кадастрга доир 5 та, таълим йўналишида 5 та, бандлик масалалари юзасидан 4 та, йўлларни таъмирлаш бўйича 2 та, уй-жой билан таъминлашга доир 2 та ва бошқа масалаларга доир яна 52 та мурожаатлар қабул қилинди.
Жумладан, Амударё туманидаги Жумуровул маҳалласида яшовчи Маҳбуба Эркинбаева юраги касал бўлган отасини даволатишда, Беш овул маҳалласида яшовчи Дилмурод Қурбаниязов онкологик касаллик билан хасталанган онасини, Қангли овулида яшовчи Баҳром Сапаров қон касаллиги билан касалланган қизини даволатишда амалий ёрдам сўрашди. Шунингдек, Намуна маҳалласида яшовчи Жумабоева Дармон даволаниши учун республика шифохонасига йўлланма олишда ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Ундан ташқари, Фаровон маҳалласида яшовчи Бахтиёр Дўсчанов, Қиличбой овулида яшовчи Ихтиёр Сапарбаевлар электр энергияси кучланиши паст бўлганлиги сабабли янгидан трансформатор ўрнатиб беришни, Куюк кўпир овулида яшовчи Шоира Эшчанова, Гулзор маҳалласида яшовчи Нодира Якубовалар эса ишга жойлашишларига кўмаклашишни сўраб масъулларга мурожаат қилишди.
Сайёр қабулда масъуллар томонидан 98 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди, шундан 39 таси ижобий ҳал қилинди, 12 тасига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди ҳамда 47 та мурожаат назоратга олинди.
Қабул давомида туман аҳолисини қийнаётган тизимли муаммолар ҳам тилга олинди. Хусусан, Амударё тумандаги мавжуд ички йўлларнинг 61,7 фоизи, яъни 889 километри ўта таъмирталаб ҳолатда бўлганлиги ҳудудлардаги аҳолининг норозилигини келтириб чиқараётганлиги айтилди. Шу сабабли ички йўлларга қум-шағал қопламаси ётқизиш масаласи ўрганиб чиқиб, ечим топиш ва таклиф киритиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига киритилди.

Шунингдек, туманнинг Бўз-ёп, Куюк кўпир, Ўрта қалъа, Бобур ва Амир Темур номли ҳамда Хитой овулларида яшовчи 6,3 минг нафар аҳолини ичимлик суви ва 13 минг гектар ер майдонни оқава сув билан таъминловчи 1998 йилда қурилган “Шихжамол” насос станцияси ҳозирда таъмирталаб аҳволдалиги, шу боисдан аҳолига ичимлик суви ва оқава сув етказиб беришда қийинчиликлар юзага келаётганлиги муаммоси ҳам кўтарилиб, бу масалани ҳам ўрганиб чиқиш ва ечим топиш, ижобий ҳал қилиш бўйича таклиф киритиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига топширилди.
Президент администрацияси вакили бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари ушбу муаммолар ўрганиб чиқилиб, бартараф этилишида амалий ёрдам берилишини айтиб, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш бугунги кундаги долзарб масалалардан бири эканлигини таъкидлашди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶