АМУДАРЁЛИК ПИЛЛАКОРЛАР ЮКСАК “КУМУШ ТОЛА” ХИРМОНИНИ БУНЁД ЭТИШДИ
Пиллачилик – мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири саналиши билан бирга, ипакчилик саноатини ривожлантириш ҳамда ота-боболаримизнинг бой маданий мероси ҳисобланади. Шу боис, мазкур қадриятни давом эттириш мустақил давлатимизда муҳим ва долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Пиллакорларимиз томонидан етиштирилаётган пилла салмоғини ва ҳар бир қути қурт уруғидан олинадиган ҳосилдорликни талаб даражасига етказиш мақсадида озуқа миқдори ва сифати ҳамда ипак қуртининг озиқланиш майдони билан боғлиқ масалаларни ижобий ҳал қилиш мақсадида пиллачилик тармоғига эга фермер хўжаликларида мавжуд тутзорлар парваришига алоҳида эътибор қаратилаётгани боис, Амударё туманида ҳар йили пилладан юқори ҳосил олинишига эришилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбек ипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори Амударё туманида пиллачилик соҳасидаги ислоҳотларнинг изчил амалга оширилишига туртки бўлди.
Жорий йилда Амударё туманида “Jayhun silk” масъулияти чекланган жамияти билан 1980 нафар касаначи оилалар ўртасида тузилган шартномаларга асосан амударёлик моҳир пиллакорлар 4163 қути ипак қурти парваришлаб, пилла етиштириш бўйича шартномавий режани ортиғи билан бажардилар. Давлат хазинасига режадаги 237 тонна ўрнига 237 минг 40 килограмм юқори сифатли саноат хом ашёси етказиб берлди.
Туманнинг пиллачилик соҳасини ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган Ўрта қалъа овулида яшовчи тажрибали пиллакор Суъдулла Тўраевнинг жорий йилда эришган ютуғи эътиборга муносиб. У зммасидаги 86 килограмм ўрнига 142 килограмм юқори сифатли пилла ҳосили етиштириб, Ўрта қалъалик пиллакорлар орасида пешқадам бўлди.
Яна бир касаначи-пиллакор Рустам Эшимов эса ҳар бир қути ипак қурти уруғидан ўртача 65 килограммдан ҳосил етиштириб, зиммасидаги 143 килограмм ўрнига 230 килограмм пилла топширишга муваффақ бўлди.
Шунингдек, зиммаларидаги шартномавий режаларини биринчилардан бўлиб адо этган Тошёп овулида яшовчи касаначи-пиллакор Шаҳноза Абдуллаева 57 килограмм ўрнига 84 килограмм пилла ҳосили етиштириб, етиштирилган ҳосилнинг барчасини юқори навларга топширди.
Албатта, эришилган ютуқлар пиллакорларимизнинг фидойи меҳнатлари натижасидир. Чунки ипак қурти парваришлаш мавсумининг муваффақиятли ўтиши кўп жиҳатдан мавсумга тайёргарлик ишларининг агротехника қоидаларига мувофиқ ташкил этилишига боғлиқ. Бунда ипак қуртининг озиқланиш майдони – тутзорлар ҳосилдорлигини ошириш борасидаги чора-тадбирлар муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, амударёлик пиллакорлар мавжуд тутзорларда кузги ва баҳорги агротехник тадбирларни ўз вақтида, белгиланган режа асосида ташкил этиб, ҳар бир туп тут дарахтини қатъий назоратга олдилар. Аввалдан мавжуд бўлган тутзорлар калийли ва фосфорли ўғитлар билан озиқлантирилиб, оралари юмшатилди. Далалар четларига, ариқлар бўйларига янгидан экилган тут кўчатларига алоҳида шакл берилиб, атрофлари бегона ўтлардан тозаланди. Натижа эса кутилганидан зиёда бўлди.
Ипак қурти парвариши жараёнида барг етишмовчилиги билан боғлиқ муаммо кузатилмади ва 237 тоннадан ортиқ бўлган Амударё “кумуш тола” хирмони бунёд этилди.
Хўжаликлар қуртхоналарида пилла териш жараёнлари ҳамон уюшқоқлик билан давом этмоқда. Жорий қишлоқ хўжалик йилининг дастлабки ҳосил хирмонини янада юксалтириш мақсадида етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай давлат хазинасига топшириш мақсадида пиллакорлар ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилишмоқда.
Азиз пиллакорларимиз бошлаб берган меҳнат ғалабаси Амударё тумани қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида ҳам изчил давом этсин, дея тилакдошлик билдирамиз.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶