Қиличбой овулида Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари иштирокида сайёр қабул ўтказилди
Мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, турмуш сифати ва фаровонлигини ошириш учун аввало, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда халқ билан очиқ мулоқотлар олиб борилиб, инсонлар ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш орқали халқимизнинг фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун муносиб шароитлар яратилаётир. Кейинги йилларда амалга оширилаётган халқ билан очиқ мулоқотлар, ўтказилаётган сайёр қабуллар ва халқ ҳаётини хонадонма-хонадон юриб ўрганишлар мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида муҳим восита бўлмоқда.
Аҳолининг турли қатламлари билан мулоқот қилиш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан тезкор ва аниқ чоралар кўриш мақсадида 1 апрель куни Амударё туманининг Қиличбой Маданият марказида сайёр қабул ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2022 йил учун белгиланган иш режасига мувофиқ Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Рустам Сафарбоев бошчилигида ўтказилган сайёр қабулда туман ҳокими Султонбой Йўлдошев, республика даражасидаги ташкилотлар ва корхоналар вакиллари, туман Халқ қабул хонаси мудири Эркин Ражабов, секторлар раҳбарлари, туманда фаолият кўрсатаётган банклар филиаллари, корхона-ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этдилар.
Сайёр қабулда дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Сафарбоев мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳудудларни ривожлантириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида қилинаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Биргина Амударё туманининг ўзида жорий 2022 йилда жами 343,2 млрд. сўмлик 81 та лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Аҳолининг бандлик даражасини ошириш мақсадида 6972 та янги иш ўринлари яратилади. Бунинг учун умумий қиймати 68,7 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилади. Кичик бизнес субъектлари сонини ҳозиргидан 3 баробарга ошириш режалаштирилган бўлиб, 2022 йилда янгидан 645 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилади.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда “Тўлқин” овули ва “Аёқчи” аҳалласида 27,3 млрд. сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилади.
Президентимизнинг қарори асосида жорий йилда фермер хўжаликларининг пахта ва ғалладан қисқартирилган 897 гектар майдонларини 3 минг 588 та деҳқон хўжаликлари ташкил қилиш учун аҳолига бериш бўйича амалий ишлар давом этмоқда.
Сайёр қабул давомида 20 нафардан зиёд фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар билан мурожаатлар қилдилар. Мурожаатларнинг асосий қисми банклардан кредитлар олиш, ички йўлларни таъмирлаш, оқар сув таъминотини ҳамда коммунал хизматлар сифатини яхшилаш масалаларида бўлди.
Сайёр қабулда аҳолининг кўпгина муаммолари шу ернинг ўзида ҳал этилди, айримларини ҳал қилиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. Ҳудуд фаоллари томонидан билдирилган йўл бўйларидаги симёғочларга тунги ёритгичлар ўрнатиш таклифи яқин кунларда амалга оширилиши маълум қилинди.
Давлат идораларининг халқ билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш, дард-у ташвишларини тинглаш бўйича амалга оширилаётган бу каби сайёр қабуллар халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶