Қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳудудидаги 18 ёшдан юқори аҳолининг 90 фоизи коронавирусга қарши эмланди
Бутун дунё бўйлаб тарқалган коронавирус инфекцияси ҳали ҳам чекинганича йўқ. Вақт ўтган сайин ушбу кўринмас офатнинг турли кўринишлари ва штаммлари пайдо бўлмоқда. Ер юзида коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмганлар 1-жаҳон уриши қурбонлари сонидан ҳам ортиқ эканлиги бизни янада огоҳликка чорлайди. Вирус кириб келган кундан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида профилактик ишлар амалга оширилиб, аҳоли саломатлигини сақлаш бош мақсадга айланди. Шу мақсадда Республикамиз бўйлаб коронавирусга қарши вакциналар билан аҳолининг тўлиқ эмланиши бўйича барча шароитлар яратилиб, назоратга олинди.
Бугунги кунда коронавирус инфекциясининг олдини олиш ва аҳолининг вакцина билан тўлиқ эмланишини таъминлаш бўйича туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида, қатор овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Амударё туманининг Оқ олтин овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “3-қишлоқ” қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам овул ҳудудида яшовчи фуқароларни инфекцияга қари эмлаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Ҳозирга қадар овул ҳудудида истиқомат қилувчи 18 ёшдан юқори бўлган аҳолининг 90 фоизи вакцинанинг бустер дозаси билан эмланди. Қолган 10 фоиз аҳолини ҳомиладор аёллар, болалар, ва чақалоқлар ташкил қилади.
Маълумот учун, Оқ олтин овул фуқаролар йиғини ҳудудида 8 минг 939 нафар аҳоли истиқомат қилиб, шундан 18 ёшдан катта бўлган аҳоли 5 минг 713 нафарни ташкил қилади.
Халқаро даражадаги вирусологларнинг таъкидлашича, бустер дозани олиш учун олдин қандай вакцина билан эмланганликнинг аҳамияти йўқ. Бустер доза билан эмланиш “альфа”, “дельта”, “омикрон” штаммидан 100 фоиз ҳимоя қила олади. Қолаверса, ушбу доза билан эмланиш натижасида антитаначалар дастлабки икки дозага нисбатан 25 бараварга ошади. Бироқ ортиқча ҳотиржамликка берилмаслик керак, чунки “омикрон” бошқа штаммларга қараганда анчагина юқумли ва қисқа муддатда аҳолининг катта қисмини зарарлаши мумкин. Шу боис карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, эмлаш тадбирларида фаол иштирок этиш ҳар қачонгидан-да муҳим.
Айни кунларда мазкур қишлоқ оилавий поликлиникаси шифокорлари ва ҳамширалари фуқароларга эмлаш тадбирларида фаол иштирок этиш, тозаликка риоя қилиш бўйича тавсиялар бериб, эмланиш нафақат ўз ҳаёти, балки яқинлари ҳаёти учун ҳам ғоятда муҳим эканини таъкидлаб келмоқдалар.
Шу ўринда эмланган юртдошларимизни ҳам коронавирус инфекциясига яна қайта чалинмаслик учун вакцинанинг кучайтирувчи, яъни бустер дозасини қабул қилишга чақирамиз. Пандемиядан бутунлай ҳалос бўлишнинг ягона йўли – эмланиш эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Ф. Эшимбетова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶