ҚУТУРИШ КАСАЛЛИГИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ БЎЙИЧА МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҚИ ЎТКАЗИЛДИ
Қутуриш касаллигининг олдини олиш мақсадида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан махсус тактик-ўқув машқи ташкил этилди.
Жорий йилнинг 14 февраль куни Амударё тумани ҳокими – Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг тегишли қарори асосида Бўз ёп овули ҳудудида ўтказилган махсус-тактик ўқув машқига жами 74 та шахсий таркиб ва 10 та техника жалб қилинди. Ҳудудда қутуриш касаллиги бўйича фавқулодда вазият содир бўлганда туман Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш давлат қуйи тизимининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари амалий тарзда кўрсатиб берилди.
Махсус тактик ўқув машқи 4 та босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда Бўз ёп овул фуқаролар йиғини биноси олдида тегишли Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими таркибидаги хизматчилар, керакли куч-воситаларнинг шайлиги кўрикдан ўтказилди. Ҳар бир хизмат томонидан ўз функционал вазифаларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши лозим бўлган тадбирларга аниқлик киритиб олинди.
Ўқув машқ тадбирининг иккинчи босқичида фуқаролар йиғини биносининг мажлислар залида кўргазмали ўқув-семинар ўтказилди.
Ўқув-семинарда туман Фавқулодда вазиятлар бўлимининг Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ва фуқаро муҳофазаси бўлинмаси бошлиғи Бекзод Тажибоев аҳоли ўртасида қутуриш касаллигининг тарқалиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар юзага келиши хавфи, уларнинг олдини олиш ва бартараф этишда Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизимининг аҳамияти тўғрисида маъруза қилди.
Шундан сўнг, туман Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими эпидемиолог-шифокори Гулшод Тажибоева Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида қутуриш касаллигининг эпидемиологияси, этиологияси ҳамда бу борада олиб борилаётган профилактик тадбирлар тўғрисида маълумот берди.
Семинар давомида туман Тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими шифокори Фарҳод Қўшмановнинг “Қутуриш касаллиги патогенези, клиникаси, даволаш ва профилактика усуллари” тўғрисидаги, туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Алишер Маткаримовнинг “Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида қутуриш касаллиги бўйича мавжуд эпизоотик вазият ҳамда уни олдини олиш борасида олиб борилаётган эпизоотияга қарши тадбирлар” тўғрисидаги маърузалари ҳам тингланди. Маърузачилар қутуриш касаллиги тарқалишининг олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида кенг тўхталиб, керакли тавсияларни бериб ўтдилар.
Тадбирнинг учинчи босқичида қутуриш касаллигига гумон қилинган бемор аниқланганда Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматларининг ҳаракатлари амалий равишда кўрсатиб берилди.

Амалий тарзда одамларнинг ҳайвонлардан жабрланган вақтда ҳудуддаги даволаш профилактика муассасаларига мурожаат қилгани, жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатилгани, яъни жароҳатланган жой 20 фоизли кир совун эритмаси билан яхшилаб ишқалаб зарарсизлантирилиши ва оқар сувда яхшилаб ювилиши, жароҳат қуритилиб, атрофига 5 фоизли йод суркалиши кўрсатилди. Шартли жабрланувчи рабиолог шифокорга вакцинация учун юборилди. Унга зарар етказган ҳайвоннинг тоифасига қараб, даволаш мақсадида вакцинация қилинди. Шундан сўнг, Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимига шошилинч хабар берилиб, Ветеринария бўлими ҳам хабардор этилди.
Ушбу босқичда Тиббиёт бирлашмасида юқумли касалликлар шифокори касалликка гумон қилинган фуқарони қабул қилиш, қутуриш касаллигига хос белгиларини аниқлаш, беморга тегишли тиббий муолажалар қилиш, ҳолат бўйича керакли жойларни хабардор қилишга доир амалга оширган ҳаракатлар юзасидан ахборот берилди. Шунингдек, Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимининг эпидемиологи томонидан ҳам бемор жабрланган ҳудудда эпидемиологик анамнез йиғилди ва ҳудудда эпидемиологик, эпизоотологик суриштириш ишлари ўтказилди.

Ундан ташқари, ит овлаш бригадаси томонидан ҳудуддаги дайди итлар тутиб кетилди, тиббиёт ва ветеринария ходимлари хонадонларда санитария-тарғибот ишларини олиб боришди. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари эса беморга жабр келтирган ҳайвонни ва ушбу ҳудудда сақланаётган бошқа уй ҳайвонларини ветеринар текширувдан ўтказиш, уларни 10 кунга назоратга олиш ишларини бажаришди.
Тартибга кўра, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимларининг беморга жабр келтирган ҳайвон текширувдан ўтказиши, унга қутуриш касаллиги ташхиси қўйилганда Ободонлаштириш бошқармасининг қаровсиз ҳайвонларни тутиш бригадаси ҳайвонни ушлаши ва назорат жойига етказиши амалда батафсил кўрсатиб берилди.
Махсус тактик-ўқув машқи якуни бўйича фуқаролар йиғини биноси мажлислар залида ўтказилган йиғилишда иштирокчиларнинг камчиликлари кўрсатилиб, келгусида бундай камчиликларга йўл қўйилмаслиги кераклиги тушунтирилди ҳамда фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Бўлиб ўтган ушбу махсус тактик-ўқув машқи натижасига кўра туман Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизимининг функционал ва ҳудудий қуйи тизими хизматлари фавқулодда вазиятлар юзага келганда уларни бартараф этишга тайёр, деб баҳоланди.
Б.Тажибоев, туман ФВБнинг бўлинма бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶