ТОКСОПЛАЗМОЗ – ПАРАЗИТАР КАСАЛЛИК
Токсоплазмоз – одам, ҳайвон ва паррандаларда учрайдиган инфекцион паразитар касаллик бўлиб, уни бир ҳужайрали содда ҳайвон – токсоплазмалар қўзғатади. Касаллик манбаи, асосан, мушуклар, итлар ва токсоплазмоз билан оғриган бемор ҳисобланади; уларнинг сўлаги, сийдиги, нажаси, сути, бурун шилимшиғи орқали касаллик қўзғатувчилари тарқалади.
Токсоплазмалар одамга овқат маҳсулотлари, яъни хом тухум, пиширилмаган сут, хом гўшт кабилар орқали, касал ҳайвонлар билан мулоқотда юқиши мумкин. Уй шароитида, айниқса, аёллар қийма таъмини татиб кўрганида ҳам токсоплазма юқади. Токсоплазма терининг шиллиқ пардасига тушиши, трансмиссив ва бошқа йўллар билан юқиши мумкин. Одам танасига тушган токсоплазма қон томирлар орқали ички аъзолар зарарланишига сабаб бўлади.
Орттирилган ва туғма токсоплазмоз алоҳида белгиларга эга. Орттирилган токсоплазмоз ўткир ва сурункали кечади. Ўткир токсоплазмозда бемор иситмалайди, боши, мушаклари оғрийди. Лимфа безлари, кўз, тери, мия қобиқлари ва ички аъзоларига путур етади. Сурункали токсоплазмоз йиллаб чўзилиши мумкин. Бунда беморнинг ҳарорати юқори бўлади, боши оғрийди, қувватсизлик, асабийлашиш кузатилади. Кўриш, хотира ва иш қобилияти пасаяди. Жигар, талоқ ва лимфа безлари шишади. Миокардит, гепатит, зотилжам юзага келиши мумкин. Туғма токсоплазмозда касаллик она организмидан қон орқали ҳомилага ўтади. Токсоплазмоз ҳомилага дастлабки ойларида юқса, бола тушади ёки ўлик, мажруҳ бўлиб туғилади.
Касалликнинг олдини олиш учун касал уй ҳайвонларини аниқлаш ва уларни ажратиб қўйиш, болаларни ит, мушук билан ўйнашларига йўл қўймаслик лозим. Истеъмол қилинадиган тухум, сут ва гўшт маҳсулотларини, албатта, яхшилаб пишириш ёки қайнатиш керак.
Т.АТАМУРОДОВ, туман СЭО ва ЖСБ Паразитология бўлими мудири.
И.ХОЛМУРОДОВА, энтомолог.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶