Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 45-сессияси тўғрисида ахборот
2022 йил 21 январь куни Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 45-сессияси бўлиб ўтди. Сессия мажлисида туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, туман Кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари, бўлимлар, тижорат банклари раҳбарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Сессияни туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Султонбой Йўлдашев кириш сўзи билан очди ва олиб борди.
Сессияда дастлаб туман даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатини ўрганиш тўғрисида туман Адлия бўлими бошлиғи Мўминжон Матюсуповнинг ахбороти тингланди.
Ахборотда келтирилишича, идора ва ташкилот раҳбарлари фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилишда йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари сабабли туман Адлия бўлими томонидан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 2021 йилда 12 та таклиф берилган.
Бўлим томонидан 2021 йил давомида жами 65 та идора ва ташкилотларда 21 та ўрганиш ва 47 та мониторинглар ўтказилган. Эътиборлиси, ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар давомида жами 7830 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Шундан сўнг “Судлар томонидан фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда одил судловни амалга оширишга доир 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси Жасур Ўразбаев кун тартибидаги масала бўйича ахборот берди.
Ахборотда ўтган йил давомида кўриб чиқилган жиноят ишлари ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек сессия ишида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Амударё туманидаги Халқ қабулхонасининг 2021 йил давомида туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан ахбороти тўғрисида”ги масала ҳам кўриб чиқилди. Мазкур масала юзасидан туман Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражаповнинг ахбороти тингланди.
Ахборотда қайд этилганидек, 2021 йил давомида туман Халқ қабулхонасига аҳолидан келиб тушган 1 минг 10 та мурожаатларнинг 834 таси, яъни 82,6 фоизи ижобий ҳал қилинган.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тумандаги 18-сонли мактаб директорлиги лавозимига ўтказилган танлов якунлари бўйича тавсия қилинган номзодга келишим бериш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Депутатлар номзод Ешбаева Сурайё Зиятбаеванинг мактабда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш борасида келгуси 3 йилда амалга оширишни режалаштирган дастури билан танишдилар. Шундан сўнг очиқ овоз бериш йўли билан номзодга келишим бериш тўғрисидаги масала бўйича қарор қабул қилинди ва номзод Сурайё Ешбоева 18-сонли мактаб директори лавозимига тайинланди.
Бундан ташқари, сессия ишида Кенгаш ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, улар юзасидан ҳам қарорлар қабул қилинди. Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.
Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶