БОТУЛИЗМ КАСАЛЛИГИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ БЎЙИЧА МАХСУС ТАКТИК ЎҚУВ МАШҚИ ЎТКАЗИЛДИ
Ботулизм – оғир асоратларни келтириб чиқарувчи хавфли касалликлардан бири ҳисобланади. Ушбу касаллик оқибатида оммавий заҳарланишлар содир бўлиб, кўп ҳолларда фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлади. Шу боис ботулизм келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида тушунтириш-тарғибот тадбирлари мунтазам равишда ташкил этилиб борилади.
Амударё туманида ҳам шу мақсадда Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан “Овқатдан оммавий заҳарланишлар – ботулизм касаллигини олдини олишда ФВДТ тегишли хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус тактик ўқув машғулоти ўтказилди.
Жорий йилнинг 4 октябрь куни бўлиб ўтган мазкур ўқув машғулоти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси – Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг “Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудларини радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик муҳофаза қилиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар профилактикаси бўйича кўргазмали махсус-тактик ўқув машқларини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига асосан ташкил этилди.
Дастлаб туман Тиббиёт бирлашмасида семинар ўтказилди. Тадбирга ҳамкор ташкилотлардан 44 нафар киши жалб қилинди. Семинарни Тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими шифокори Фарҳод Қўшманов очиб берди. Шундан сўнг, ботулизм касаллиги ҳақида маъруза қилди. Касалликнинг қандай белгилар билан пайдо бўлиши ва уни даволаш усуллари тўғрисида тушунчалар бериб ўтди. Семинар давомида Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги туман бўлими шифокори Дурбек Бобожонов ҳам сўзга чиқиб, ботулизм касаллигининг келиб чиқиш сабаблари, унинг асоратлари ва олдини олиш усуллари тўғрисида ҳаётий мисоллар асосида тушунчалар берди.
Семинарда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ҳудудий давлат қуйи тизими ва фуқаро муҳофазаси фаолиятини ташкил этиш хавфсизлик тарғиботи бўлинмаси бошлиғи Бекзод Тажибоев ҳам маъруза қилди. У ўз маърузасида йил давомида аҳоли орасида овқатдан заҳарланиш билан мурожаат этган беморлар, айниқса, улар орасида вояга етмаган ёшларнинг кўпчиликни ташкил қилиши, бозорлардаги консерва маҳсулотларини харид қилишда эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатлар хусусида маълумот берди. Шунингдек, уйда қўлбола усулда тайёрланадиган тузланган помидор ва бодрингларни сақлаш, истеъмол қилишдан олдин суви, таъми ва ҳиди ўзгармаганлиги, ўзгарган маҳсулотларни истеъмол қилмаслик кераклигини аҳолига кенг тушунтириб бориш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Шундан сўнг, ўқув машқи иштирокчиларига мавзуга оид эслатмалар тарқатилди.
Ўқув машқининг амалий қисмида бозордаги қўлбола усулда тайёрланган тузланган маҳсулотлар харид қилиб, уйига олиб борган, истеъмол қилган фуқарога ёрдам кўрсатиш тартиби кўрсатиб берилди. Машқ давомида фуқаро ўзини ёмон ҳис қилиб, тез тиббий ёрдам чақирди. У ботулизм касаллигига гумон қилиниб, туман Тиббиёт бирлашмасига олиб кетилди ва тиббий муолажа қилинди. Машғулот давомида Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги туман бўлими ходимлари воқеа жойини ўрганишди. Қўлбола усулда тайёрланган тузланган маҳсулотлардан намуналар олиб, лабораторияда текширишди. Бозордаги тадбиркорлар, сотувчилар билан профилактик суҳбатлар олиб бориб, эслатмалар тарқатишди.
Ўқув машқи 57 нафар шахсий таркиб ва 2 та махсус техникалар иштирокида ўтказилди ва туман фавқулодда вазиятлар давлат қутқарув тизими хизматларига чекланган тайёр деб баҳоланди.
Ҳ.МАТЁҚУБОВ, туман ФВБ бошлиғи подполковник.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶