17 ТУРДАГИ ХУЖЖАТЛАРНИ ТАЛАБ ҚИЛИШ БЕКОР ҚИЛИНИШИДАН ХАБАРДОРМИСИЗ?
Аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ислоҳ қилиш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб, Давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа давлат ташкилотларида эскирган бюрократик тартиботлар, шу жумладан электрон тизим орқали олиш имконияти мавжуд бўлган маълумотларни қоғоз кўринишида сўраб олиш, иш фаолиятини ташкил этиш учун муҳим бўлмаган ҳужжатларни талаб қилиш натижасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини овора қилиш амалиётини, давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субьектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан қуйидаги хужжатларни талаб қилиш бекор қилинади;
- Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
- Наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
- Судланганлик;
- Манзил-маълумот ахбороти;
- Фуқаронинг номида шахсий уй-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- Турар жойнинг майдони;
- Солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- Солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги;
- Пенсия ва нафақа миқдори;
- Пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- Никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги;
- Шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;
- Шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати;
- Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари;
- Меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
- Иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
- Кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхалари.
Талаб қилиниш бекор қилинган хужжатларни давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.
Юқорида келтирилган ҳужжат ёки маълумотларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аҳолидан талаб қилиниши давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш деб ҳисобланади.
Шунингдек мазкур Фармонга мувофиқ жорий йил 1 июнидан бошлаб Давлат хизматлари Агентлиги юридик шахсларни (нодавлат нотижорат ташкилотлари, банклар ва кредит бюроларидан ташқари) давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланади.
Давлат органлари ва ташкилотлари, юридик шахслар бирлашмалари, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари, матлубот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади.
Бу каби тартиб-тамойилларнинг жорий қилиниши аҳоли ва тадбиркорлик субьектлари учун қулай муҳит яратади.
Мансур Садиков, туман Давлат хизматлари маркази директори

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶