ТУМАН ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИДА “ХАЛҚАРО ҲАМШИРАЛАР КУНИ” КЕНГ НИШОНЛАНДИ
Ҳамширалик касби бутун дунёда беморларга даво муолажаларини қилиб дардига дармон бахш этадиган касб сифатида қадрланади. Шу боисдан ҳам 12 май санаси “Халқаро ҳамширалар куни” деб эътироф этилган.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ушбу сана ҳар йили ўзгача шиор билан бутун дунё бўйлаб нишонланиши тавсия этилади. Шиорларда фуқароларнинг соғлиғини сақлашда ҳамшираларнинг ўрни ва мавқеи ўз аксини топади.
Шу муносабат билан мамлакатимизда ҳам ҳар йили 12 май – Халқаро ҳамширалар куни кенг нишонланади. Сана муносабати билан илмий-амалий семинарлар, турли байрам тадбирларини ўтказиш анъанага айланиб бормоқда. Чунки, ҳамшира деганда кўз олдимизда қўли енгил, сўзи ширин, юзи доим кулиб турадиган, кўнгли эгнидаги халатидай оппоқ, ҳар қандай вазиятда дард чекаётган инсонга ёрдамга шай малакали мутахассис гавдаланади. Одамлар улар хизматидан миннатдор бўлиб яшайдилар.
Шу йил 11 май куни туман Тиббиёт бирлашмасида ҳам 12 май – Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Унда бирлашма бош шифокори Фахриддин Абдуллаев сўзга чиқиб, соҳада фаолият юритаётган ўрта тиббиёт ходимларини касб байрами билан қизғин қутлади.
Шунингдек, Тиббиёт масканларида даволанган беморларнинг соғайиб оиласи бағрига қайтишида муолажаларни меҳр билан амалга ошираётган, хасталарга ширин муомаласи билан ҳам далда бўлаётган ҳамшираларнинг келгусидаги фаолиятига муваффақиятлар тилади.
Таъкидлаш жоизки, тиббиёт соҳасида ҳамшираларнинг ўрни алоҳидадир. Энг сўнгги тиббиёт технологиялари асосида ўтказиладиган мураккаб операцияларни муваффақиятли ўтказишдан тортиб, операциядан сўнг беморни парваришлаш, она-бола парвариши, шошилинч ва тез тиббий хизмат соҳасида, фармацевтика соҳасида ҳамшираларнинг фидойи хизматларини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди.
Касб байрами арафасида улар шарафига тадбир ташкиллаштирилгани туманимиз тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётган ҳамшираларга улкан қувонч бахш этди.
Тадбирда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда самарали фаолият юритаётган 48 нафар ҳамшираларга туман Тиббиёт бирлашмаси ва касаба уюшма қўмитасининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Ўз фаолиятларига қаратилган эътибор ва рағбатдан хурсанд бўлган ҳамширалар бирлашма маъмуриятига ва касаба уюшма қўмитасига ўз миннатдорчилигини билдирдилар, бутун салоҳияти ва билимини аҳоли соғлиғини муҳфоаза қилишга, касбий бурчини адо этишда этишга сафарбар этишини билдирдилар.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶