12.11.2026
Тил Öz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
12.11.2026, 19:49
👁 4,552

ЮРАКДАГИ ХАЗИНА

ЮРАКДАГИ ХАЗИНА

ЮРАКДАГИ ХАЗИНА

(очерк)

Зебо. Исми жисмига, суврати сийратига мос, истараси иссиқ, гап-сўзларида самимийлик балқиб тургувчи бу аёлни илк марта, кўрган киши: «Мунча хушрўй, мунча хуштабиат бўлмаса бу аёл!» - дея ҳавас қилиши табиий.

Сабаби, Зебо Ражабова нафақат аёл, она ва назокатли рафиқа, балки қалами ўткир ижодкор, моҳир таржимон, юзлаб ёшларнинг севимли устози сифатида танилган, нафақат ўзи туғилиб ўсган Амударё туманида, ҳатто Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида юксак обрў-эътибор топган аёллардан.

"Амударё ҳақиқати”  (ҳозирги пайтда "Тараққиёт кўзгуси”) номи билан минглаб мухлисларининг эътиборини қозонган туман газетасида Зебо Ражабованинг ўрни катта. У гарчи мутахассислиги педагог бўлсада, газета ишини  тажрибали журналистлар каби яхши биладиган, ҳаётда ҳам, ишда ва оилада ҳам ўз тенгқурларидан анча илгарилаб кетган, барча масалаларда ўз шахсий фикрига, ўз услубига эга ижодкор сифатида шаклланган, ниҳоятда фидойи инсон.

Зебо Ражабова Манғит шаҳрининг энг файзли, гавжум Навоий маҳалласида, зиёли оиласида дунёга келди. Отаси (худо раҳмат қилсин) Жумамурод Ражабовни таниган ва билганлар «темир интизомли одам, Жумамурод мелиса» дея ҳурмат-эътибор кўрсатишарди. Бошқирд қизи бўлган онаси (Аллоҳ раҳмат қилсин) Дания холанинг жуда кўп чиройли сифатлари Зебогулга ўтган.

-Оилада 10 нафар ўғил-қиз вояга етганмиз, - дейди Зебо болалик хотираларини ёдга оларкан. -Ота-онам бизга камдан-кам ҳоллардагина кийим-кечак сотиб олишарди. Онажоним, кейинчалик опаларим ҳар хил жемпер ва кофталар, иссиқ пайпоқлар, рўмоллар тўқиб беришарди.Онам кечалари неча соат ухлаган эканлар-а, деб ўйлайман ҳозир. Чунки ҳар гал эрталаб ўрнимиздан турганимизда бош учимизда ўзимиз учун онажоним тикиб қўйган нимча, костюм, кўйлакми, нимадир тахлаб қўйилар, нонуштага эса доим бирон бир ширинлик пиширилган бўларди.

Оиладаги бундай батартиб ҳаёт тарзи Жумамурод ота билан Дания хола фарзандларининг қаноатли, меҳнаткаш, саришта ва тежамкор, режали бўлиб вояга етишишларига замин яратди.

Ўрта мактабни муваффақиятли тугатган Зебо гарчи синфидаги энг аълочи ўқувчи бўлса-да, оилавий шароит тақозосига кўра ўша йили ўқишга бора олмади.

-Аввал ҳаётни ўрган, қизим, қобилиятингни сендан биров тортиб ололмайди, кейин ҳам ўқиб олаверасан, иккала опанг талаба бўлса, онанг қийналиб қолмасин, -маслаҳат берди отаси.

Мактабни битирган йилиёқ у туман ахборот-ҳисоблаш (статистика) бўлимида назоратчи сифатида илк иш фаолиятини бошлади. 1978 йилдан 1983 йилгача туман иқтисодий ҳаётига доир барча маълумотлар йиғиладиган мазкур бўлимда Зебо Ражабова шу соҳанинг етук мутахассислари билан бир сафда иш олиб борди. Жамоада обрў-эътибор топди.

-Идорамизга журналистлар тез-тез келиб туришарди, - эслайди Зебо. -Уларнинг ишига ҳавасим баланд эди. Баъзан ўз қўлимдан ўтаётган юзлаб ахборотлар, маълумотлар асосида газетада ёритилаётган таҳлилий мақолаларни ўқиб: «нега шундай мақолаларни мен ҳам ёза олмайман?» - дея ҳавасим келарди.

Ана шу ҳавасми ё тақдир тақозосими Зебо Ражабова меҳнат  фаолиятининг қарийб беш йили «Амударё ҳақиқати» газетаси таҳририяти ижодий жамоаси билан боғланди. У таҳририятда дастлаб мухбир, кейинчалик газетанинг қишлоқ хўжалик бўлими мудири вазифаларида ишлаб, баракали ижод қилди. Иш, оила, жўш­қин ижод билан бирга ўз билимини ошириш мақсадида Нукус Давлат Университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олди. Адабиётни, адабий жанрларни, ўзбек тилшунослигининг ўзига хос сирларини, янги қирраларини қунт билан ўрганди. Ўзининг лирик шеърлари, мунозарали мақолалари, ёшлар тарбиясига оид, чуқур фалсафий мушоҳадаларга бой, ўткир сюжетли ҳикоялари, таржималари билан газетхонлар эътиборини қозонди.

-Касбимни қанчалик севмай, қўлимга ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси дипломини олгач, негадир мени мактаб оҳанрабодай ўзига тортди. Болалар билан бирга, уларнинг қувончларига ошно бўлгим, уларнинг беғубор оламига сингиб яшагим келди, - дейди у. 

Ана шу орзу Зебо Ражабовани 32-сонли мактаб бағрига чорлади. Мактабда беш йил давомида ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ берди.

-Ҳаётнинг ўзи катта мактаб, - дейди у. - Ана шу улкан мактаб таълимини олмаган инсон ҳаётдан ҳеч қачон ўз ўрнини топа олмайди. Умри ҳам, иш фаолияти ҳам бесамара ўтади. Тўғриси, менга иш фаолиятимдаги энг буюк устоз - бу қайноқ ва жўшқин Ҳаёт! Бу ҳаёт даргоҳида қоқилсам ҳам, муваффақият қозонсам ҳам, бир лаҳза бўлсин, бу мактабдан безмадим. Интилдим, фақат олдинга интилиб яшадим.

Фақат олдинга интилиб яшаш, жўшқинлик - Зебо Ражабованинг ҳаёт шиорига айланди. Унинг ташкилотчилик қобилияти, ишда ниҳоятда интизомлилиги, киришимли, самимий муомаласи боис, туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси лавозимига таклиф этишди. Унинг бу ердаги фаолияти таҳсинга лойиқ бўл­ди. Туманда ёшлар тарбияси, хотин-қизлар ҳаётига доир муаммоларни ҳал этиш, гиёҳвандликка қарши, турли ёт оқимлар, айниқса диний экстремизмга қарши кураш мавзуларида туман миқёсидаги тадбирларни ўтказишда фаоллик кўрсатди.

1995 йилда яна ўқитувчилик фаолиятига қайтган Зебо Ражабова ўзи меҳнат қилаётган Қорақалпоғистон халқ таълими Вазирлигига қарашли 8-сонли иқтидорли болалар мактаб-интернатида яхши ўқитувчигина эмас, эндиликда етук устоз даражасига етди. Таълим соҳасидаги ўзгаришлар, янги инновацион технологиялар, кўргазмали қуроллар асосида дарс ўтиш, турли маърифий тадбирлар ўтказиш унинг оддий иш жараёнига айланди.

-Болани синфга қамаб А.Навоий ижодий фаолиятидан икки-уч кунлаб маъруза ўқиганингиздан кўра Навоий асарлари бўйича бир соатлик синфлараро баҳс-мунозарали тадбир ёки мусиқий кеча ўтказишнинг аҳамияти жуда катта, - дейди Зебо ўз иш фаолияти ҳақида сўзларкан. - Кўпинча шундай тадбирлардан кейин қизларимиз Гули ёки Ширинга, ўғил болаларимиз Фарҳодга хос хислатларни такрорлаётганларини, Навоий асарларидаги ижобий қаҳрамонларга ўхшашга ҳаракат қилаётганларини ҳис қилиб қувониб кетаман. Шу ўринда адабиёт, айниқса, ўзбек адабиёти ёшлар тарбиясида, уларнинг маънавий етук инсонлар бўлиб вояга етишларида энг кучли тарбия қуроли эканлигини таъкидлагим келади. Мен ўқувчиларимдан ҳар бир дарсда ким қандай адабий китоб ўқиётгани ҳақида сўрашдан, улар билан суҳбатлашишдан, бир дўст каби сирлашишдан чарчамайман.

Асримиз бошида буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний: «Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир» дея бонг урганларида нақадар ҳақ эканлигини нафақат ўша давр, балки бугунги давримиз ҳам қайта-қайта исботламоқда. Чунки ёмон тарбия наинки бир инсон, балки бутун бир миллат, мамлакат ёки дунё учун фалокат келтиради. Яхши тарбия эса инсонни ҳам, ҳаётни, миллат ва мамлакатни, дунёни кулфатлардан асрайди. Биз ўқитувчиларнинг зиммамизга ана шундай буюк ва саодатли вазифа юкланган. Инсон ва миллат, ҳаёт ва мамлакат, дунё тақдири ишониб топширилган. Биз шунга муносиб равишда ишлашимиз керак.

Бундай ҳаёт тарзи Зебо Ражабовага хос эзгу фазилатлардан бири, холос. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси, ёшларнинг севимли устози Зебо Ражабова жамоада жамоатчи ва фаол ҳамкасб, шогирдлари даврасида ардоқли устоз, куюнчак ва фидойи муаллима, қавм-қариндошлар ичида одамгарчиликни жойига қўядиган оқибатли, эпли келин, оилада севимли рафиқа, меҳрибон она, қадрдон буви! Қайнотаси Озод ака Эшниёзов ва қайнонаси Розия опа уни асло келиним дейишмайди, балки:

-Зебогул қизим, Зебожон болам, - дея алқашади.

Умр йўлдоши Шавкатжонни сўзлатсангиз бутун меҳр-муҳаббатини бир сўзга жамлаб: «умрим Зебоси!» - дейди самимият билан. Шу оддийгина эътироф билан ўз рафиқасининг оилада, ўз ҳаётида тутган мавқеининг нақадар буюклигини ифода этади у.

Ана шундай аҳил жуфтликнинг ширин мевалари Барнохон ҳам онаси касбини танлади. Рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, бахтли оила бекаси. Ўғли Фарруҳжон Манғит касб-ҳунар коллежининг ҳуқуқшунослик бўлимини тугатиб, айни пайтда Манғит шаҳрининг "Дўстлик” маҳалласи посбони вазифасида хизмат қилмоқда.

-Яқинда неварали бўлдик, - дейди қувонч билан Зебо. - Бир пасда буви ҳам бўлиб қолибман.

Байрам кунларида, таваллуд кунида Зебо Ражабованинг уйида телефон қўнғироғи тез-тез жиринглайди. Тошкентдан, Нукусдан, Урганчдан, қўйингки, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида таълим олаётган, меҳнат қилаётган шогирдлари опани йўқлашади. Байрам билан, таваллуд айёми билан қутлайди.

Зебо Ражабова 30 йиллик педагогик фаолияти давомида қанча-қанча ўқувчиларини мустақил ҳаётга кузатган, оқ йўл тилаган бўлса-да ҳеч қачон «Фалончи менинг шогирдим», демайди.

- Ўзим ўқитдим, деб ҳамма ўқувчиларни «шогирдим», дейиш нотўғри, - дейди у. - Сендан сабоқ олган, сенинг билимингни, ҳаётга қарашларингни, фазилатларингни тан олган, қадрлайдиган ўқувчингнинг ўзи «Устоз!» деб ҳузурингга келади. - Ана шу ўқувчинг сенга муносиб шогирд. Синф тўла боланинг ҳаммасини «шогирдларим», дея даъво қилиш - ўқитувчига муносиб эмас. Биз муаллимлар болалар қалбида ҳурмат, эътибор, ҳавас уйғота оладиган фазилатга эга бўлмоғимиз керак.

Бу Зебо Ражабованинг тажрибали муаллима ва ижодкор инсон сифатидаги хулосаси, шахсий фикри. Биз уни зимдан кузатиб, фикрларини тингларканмиз, Зебогулнинг яна бир гўзал хислатини кашф этдик: оддийлик ва камтарлик. Наздимизда ана шу оддийлиги, камтарлиги Зебо Ражабовани эл севган ижодкор-муаллима сифатида танитган, шахс сифатида шакллантиргандай:

У шундайин яшайди. Оддий,

Меҳнат эрур умрин безаги.

Мартабаси, ҳатто мансаби-

Оддийгина муаллимлиги.

Шундай яшар, ҳар битта бола,

Унинг кўзин нури, қароғи.

Ва кўнглида гуллаган лола-

Келажакнинг  порлоқ чироғи.

Бу ҳаётдан топган бир коми

Камтаргина оиласидир.

Устоз деган улуғвор номи

Юракдаги хазинасидир.

 

Робия ЙЎЛДОШЕВА,

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

"Amu news” нинг махсус мухбирлари.

Суратда: Зебо Ражабова шогирдлари даврасида

 

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Ўрта қалъа овулида хотин-қизлар билан профилактик учрашув ўтказилди ▶ Ўрта қалъа овулида хотин-қизлар билан профилактик учрашув ўтказилди 12.11.2026 65-сонли мактабнинг янги биноси фойдаланишга топширилди ▶ 65-сонли мактабнинг янги биноси фойдаланишга топширилди 11.11.2026 Амударё туманида кузги шудгорлаш ишларини сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда ▶ Амударё туманида кузги шудгорлаш ишларини сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда 10.11.2026 45-сонли боғчада «Жажжи экологлар» амалий семинари бўлиб ўтди ▶ 45-сонли боғчада «Жажжи экологлар» амалий семинари бўлиб ўтди 10.11.2026 Аҳоли саломатлиги — олий қадрият ▶ Аҳоли саломатлиги — олий қадрият 09.11.2026 Амударё туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилди ▶ Амударё туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилди 09.11.2026 Жисмоний тайёргарликдан ўтган чақирилувчилар ҳарбий қисм вакиллари билан суҳбатлашди ▶ Жисмоний тайёргарликдан ўтган чақирилувчилар ҳарбий қисм вакиллари билан суҳбатлашди 09.11.2026 Қўриқлаш хизмати — аҳоли осойишталиги ва мулк дахлсизлигининг кафолатидир ▶ Қўриқлаш хизмати — аҳоли осойишталиги ва мулк дахлсизлигининг кафолатидир 06.11.2026 АМУДАРЁДА “ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ ИШЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА ▶ АМУДАРЁДА “ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ ИШЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА 06.11.2026 Боғча тарбияланувчилари учун экологик тарбия методикалари намойиш этилди ▶ Боғча тарбияланувчилари учун экологик тарбия методикалари намойиш этилди 05.11.2026 Амударё туманида ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами кенг нишонланди ▶ Амударё туманида ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами кенг нишонланди 05.11.2026 Меҳнат ярмаркасида 29 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди ▶ Меҳнат ярмаркасида 29 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди 05.11.2026 Олис овуллардаги мактабларда «Китобхон ёшлар» клублари ташкил этилади ▶ Олис овуллардаги мактабларда «Китобхон ёшлар» клублари ташкил этилади 04.11.2026 Йўлларнинг қиш мавсумига тайёрлиги жойида ўрганилди ▶ Йўлларнинг қиш мавсумига тайёрлиги жойида ўрганилди 04.11.2026 Амударё туманида ҳарбий прокуратура сайёр қабули ва меҳнат ярмаркаси ўтказилди ▶ Амударё туманида ҳарбий прокуратура сайёр қабули ва меҳнат ярмаркаси ўтказилди 04.11.2026 Амударё туманида кузги мавсумда 829 минг кўчат экилади ▶ Амударё туманида кузги мавсумда 829 минг кўчат экилади 03.11.2026 Амударё туманида маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди ▶ Амударё туманида маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди 02.11.2026 ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР УЧУН КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ КУРСЛАРИ ЯКУНЛАНИБ, СЕРТИФИКАТЛАР ТАНТАНАЛИ ТОПШИРИЛДИ ▶ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР УЧУН КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ КУРСЛАРИ ЯКУНЛАНИБ, СЕРТИФИКАТЛАР ТАНТАНАЛИ ТОПШИРИЛДИ 02.11.2026 Қонунчиликдаги аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясига оид нормалар тушунтирилди ▶ Қонунчиликдаги аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясига оид нормалар тушунтирилди 31.10.2026 Аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб бериш борасидаги камчиликлар бартараф этилмоқда ▶ Аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб бериш борасидаги камчиликлар бартараф этилмоқда 31.10.2026 Жажжи экологлар табиатни асраш бўйича дастлабки тушунчаларга эга бўлишди ▶ Жажжи экологлар табиатни асраш бўйича дастлабки тушунчаларга эга бўлишди 31.10.2026 10 ой давомида Қорақалпоғистон бўйича 39 та ҳолатда ичимлик суви кўрсаткичлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди ▶ 10 ой давомида Қорақалпоғистон бўйича 39 та ҳолатда ичимлик суви кўрсаткичлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди 30.10.2026 1-сонли мактабда Ўзбек тили байрами нишонланди ▶ 1-сонли мактабда Ўзбек тили байрами нишонланди 26.10.2026 «Сен истеъдодлисан» кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди ▶ «Сен истеъдодлисан» кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди 20.10.2026 9 ёшли болалар папиллома вирусига қарши эмланмоқда ▶ 9 ёшли болалар папиллома вирусига қарши эмланмоқда 20.10.2026 Фанлар олимпиадасининг туман босқичи бошланди ▶ Фанлар олимпиадасининг туман босқичи бошланди 19.10.2026 Амударё туманидаги 56-сонли умумтаълим мактаби “Жасорат синфи” ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш тадбири ўтказилди ▶ Амударё туманидаги 56-сонли умумтаълим мактаби “Жасорат синфи” ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш тадбири ўтказилди 16.10.2026 Томорқалардан самарали фойдаланиш аҳоли даромадини оширмоқда ▶ Томорқалардан самарали фойдаланиш аҳоли даромадини оширмоқда 13.10.2026 Амударёда ёшларнинг касбий таълими ва бандлиги масалалари ўрганилди ▶ Амударёда ёшларнинг касбий таълими ва бандлиги масалалари ўрганилди 13.10.2026 Спорт лигаси туман босқичида техникум ўқувчилари ғолиблари аниқланди ▶ Спорт лигаси туман босқичида техникум ўқувчилари ғолиблари аниқланди 12.10.2026