«НАМУНА»ДА СПОРТ БАЙРАМИ: МАҲАЛЛА ЁШЛАРИ «МАЗМУНЛИ ТАЪТИЛ»ДА БИРЛАШДИЛАР
Мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Айниқса, таътил кунларида ўқувчи ва талаба ёшларни спорт майдонларига жалб этиш, маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этади. Амударё туманининг Намуна маҳалласида ўтказилган спорт тадбири ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди.
Маълумки, айни кунларда юртимиз бўйлаб ёшларнинг таътил кунларини кўнгилли ва фойдали ўтказишларини таъминлаш мақсадида “Мазмунли таътил” дастури амалга оширилмоқда. Мазкур дастур доирасида жойларда турли маърифий учрашувлар, интеллектуал ўйинлар ва албатта, спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Таътилнинг ана шундай мароқли кунларининг бирида Намуна маҳалласида ҳақиқий байрам шукуҳи ҳукм сурди. Маҳалла ёшлари, мактаб ўқувчилари ва спортсевар йигитлар “Мазмунли таътил” дастури доирасида ташкил этилган мини-футбол бўйича “Намуна маҳалласи кубоги” ёпиқ турнирида иштирок этиш учун жам бўлишди.
Спорт — бу саломатлик, дўстлик ва иродани тоблаш мактабидир. Футбол эса миллионлар ўйини сифатида ёшларни жамоа бўлиб ҳаракат қилишга, ғалаба сари интилишга ўргатади. Тадбир ташкилотчиларининг таъкидлашича, бундай мусобақаларнинг маҳалла миқёсида ўтказилиши қўни-қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни оширишга хизмат қилади.
Турнирнинг қизиқарли ва муросасиз ўтганини иштирокчилар сонидан ҳам билиш мумкин. Мусобақада қатнашиш истагини билдирган 100 дан ортиқ ёшлар рўйхатдан ўтиб, ўз жамоалари билан майдонга тушдилар. Бу рақам Намуна маҳалласида спортга, хусусан, футболга бўлган қизиқиш қанчалик юқори эканидан далолат беради.
Беллашувлар давомида ҳар бир жамоа ғолиблик учун астойдил кураш олиб борди. Майдондаги шиддатли ҳужумлар, чиройли голлар ва дарвозабонларнинг маҳорати томошабинларга завқ улашди. Йигитларнинг шижоати, ғалабага бўлган иштиёқи мусобақанинг қизғин руҳда ўтишини таъминлади.
Муросасиз кечган ўйинлар якунига кўра, турнирнинг мутлақ ғолиби номига ўзининг тезкор ўйини, техник-тактик тайёргарлиги ва энг муҳими, ўзаро ҳамжиҳатлиги билан ажралиб турган “Forever football club” жамоаси сазовор бўлди. Ушбу жамоа барча рақибларини ортда қолдириб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Мазкур ғалаба жамоа аъзоларининг мунтазам машғулотлари ва жипслиги натижасидир.
Таъкидлаш жоизки, бу каби турнирлар фақатгина спорт мусобақаси эмас. Бу — ёшларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан, турли зарарли одатлардан ва бекорчиликдан асрашнинг энг самарали воситасидир. Намуна маҳалласидаги ушбу ташаббус ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш борасидаги ишларнинг намунали кўриниши бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.
Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Намуна маҳалласида бошланган бундай спорт тадбирлари давомли бўлишига ва келажакда ушбу майдонлардан катта спорт ареналарини забт этувчи чемпионлар етишиб чиқишига ишончимиз комил.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶