Истеъмолчилик маданияти — ҳалоллик ва фаровонлик сари йўлдир
Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Асосий Қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам иқтисодий фаолиятда давлат истеъмолчилар ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиши кафолатлаб қўйилган. Шунингдек, 1996 йилнинг 26 апрель санасида бу борадаги яхлит ҳуқуқий ҳужжат — “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Бугунги кунда замон тараққиёти билан янги иш, хизматлар ва товарларнинг янги турлари пайдо бўлиши истеъмолчиларнинг турли соҳалар бўйича ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни, бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шунга мувофиқ мавжуд қонунчиликка ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, истеъмолчи ва сотувчи, ишлаб чиқарувчи ҳамда хизмат кўрсатувчи ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларга устуворлик берилиб, шартнома ҳужжатларига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини камситадиган шартлар киритилишига йўл қўймаслик талаблари киритилгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси тизимидаги Амударё тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари, Президент фармонлари ва ҳукумат қарорларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти юзасидан амалга оширилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирлари туфайли туман ҳудудида истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олди олиниб, бу борадаги муаммоли масалалар жойларда ижобий ҳал этилмоқда.
Амударё тумани Тиббиёт бирлашмасида ўтказилган учрашувда таъкидланганидек, 2025 йил давомида истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида жамият томонидан тумандаги овул ва маҳаллаларда фаолият олиб борувчи “Маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда корхона ва ташкилотлар ҳамкорлигида 4 та таянч гуруҳи ташкил этилиб, улар таркибидаги кўнгилли аъзолар сони 2000 нафарга етказилди. Ушбу таянч гуруҳлари томонидан туманнинг барча ҳудудларида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари мазмун-моҳияти юзасидан истеъмолчиларга кенг тушунчалар берилиб, ҳуқуқий саводхонлик машғулотлари олиб борилди. “Юксак истеъмол маданияти сари”, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонун устуворлиги” мавзуларида туманнинг 35 та ҳудудидаги овул ва маҳаллаларида давра суҳбатлари ташкил этилиб, уларга барча ёш тоифаларидаги истеъмолчилар қамраб олинди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган назорат тадбирларида аҳолининг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу сабабли аҳоли гавжум жойларда тушунтириш-тарғибот ишлари ташкил қилинмоқда. Бозорлар ва бошқа жамоат жойларида ўтказилаётган учрашувларда аҳолига амалдаги қонунчилик ва истеъмолчиларнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари ҳақида маълумотлар берилмоқда.
Жамият томонидан 2025 йил давомида туманнинг 6 та маҳалласида жамоатчилик тартибида ўтказилган ўрганишлар натижасида расмийлаштирилган истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ маълумотлар зарур чоралар кўриш учун туман ҳокимлигига, назорат қилувчи органларга ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси марказий аппаратига киритилди.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг истеъмолчи сифатидаги билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган дастурлар доирасида олиб борилаётган изчил чора-тадбирлар натижасида Амударё тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келиб тушган 26 та мурожаат жойларига чиққан ҳолда ўрганилиб, уларнинг барчаси ижобий ҳал этилди ва истеъмолчиларга тегишли маблағлар ундириб берилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлашда шаффофлик ва самарадорликни таъминлаш борасидаги ишларни янада яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар нафақат жамият аъзоларининг, балки ҳар бир фуқаронинг зиммасидаги масъулиятли вазифасидир. Зеро, истеъмолчилик маданияти — ҳалоллик ва фаровонлик сари йўлдир.
Робия Йўлдошева

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶