Коррупцияга қарши кураш – тараққиёт кафолати: Қорақалпоғистон божхонасида очиқ мулоқот ўтказилди
Коррупция — бу шунчаки ҳуқуқбузарлик эмас, балки аксарият жамиятларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишга жиддий путур етказувчи, давлат ва халқ ўртасидаги ишонч кўпригини емирувчи иллатдир. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, бирор бир мамлакат, минтақа ёки жамият ушбу глобал муаммодан тўлиқ иммунитетга эга эмас. Порахўрлик, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби кўринишларда намоён бўлувчи ушбу жиноятга қарши курашиш барчанинг бурчидир.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан 2004 йилдан бошлаб ҳар йили 9 декабрь санаси дунё бўйлаб "Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни" сифатида кенг нишонланади. Ушбу муҳим сана муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасида кенг қамровли тадбир ташкил этилди. Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси масъул ходимлари ва божхона тизимининг шахсий таркиби иштирок этди.
Тадбир давомида таъкидланганидек, бугунги кунда божхона органларини "коррупциядан холи тизим"га айлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Хусусан, соҳада инсон омилини кескин қисқартириш мақсадида божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилмоқда. Янги жорий этилаётган Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими дастурлари орқали тадбиркор ва божхона ходими ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот минимал даражага туширилгани, бу эса ўз навбатида коррупцион хавфларни бартараф этишда муҳим омил бўлаётгани алоҳида қайд этилди.
Божхона соҳасини коррупциядан холи тизимга айлантиришда фақат жазолаш ёки назорат қилиш эмас, балки ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим стратегия ҳисобланади. Тадбирда божхона ходимларининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ҳудудий бошқарма томонидан ходимларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича сезиларли ишлар қилинган. Хусусан, 3 нафар ходимга ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиши учун бошланғич бадал сифатида 25 фоиз миқдорида субсидия маблағлари ажратилган, 2 нафар ходимга уй-жой сотиб олиш ва реконструкция қилиш мақсадлари учун жами 600 миллион сўм миқдорида фоизсиз ссудалар берилган. Шунингдек, 5 нафар ходимга 14 фоизли имтиёзли ипотека кредитларини расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилган.
Бундан ташқари, ходимларни рағбатлантиришнинг маънавий жиҳатлари ҳам эътибордан четда қолмаган. 2022 йилдан бошлаб, хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб, юқори натижаларга эришган ходимларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига кириш учун тавсияномалар бериш тизими йўлга қўйилди. Натижада, ўтган давр мобайнида жами 31 нафар божхоначининг фарзандлари қўшимча квота асосида давлат олийгоҳларининг талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлишди.
Ўтказилган учрашув шуни кўрсатдики, коррупцияга қарши кураш – бу комплекс ёндашувни талаб этадиган жараён. Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва ходимларнинг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш орқалигина тизимда шаффофликка эришиш мумкин. Қорақалпоғистон божхона бошқармасида бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бериб, иқтисодий хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶