АМУДАРЁДА ЯНГИ ИЖТИМОИЙ СОҲА ОБЪЕКТЛАРИ: СИФАТЛИ ТАЪЛИМ ВА ҚУЛАЙ ШАРОИТЛАР САРИ ДАДИЛ ҚАДАМ
Бугун Амударё туманида аҳолининг ижтимоий фаровонлигини ошириш, ёш авлоднинг баркамол таълим олиши учун яратилаётган имкониятлар тобора кенгайиб бормоқда. Амударё тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан туманда янги барпо этилган ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан танишиш мақсадида медиа-тур ташкил этилди.
Мазкур медиа-турда “Амударё” телеканали мухбирлари ҳам иштирок этиб, жойларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, янги ўқув масканлари ва болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Медиа-тур иштирокчилари дастлаб Чойкўл овулида жойлашган 59-сонли умумтаълим мактаби фаолияти билан танишдилар. Мазкур таълим масканининг 60 ўринли эски биноси тўлиқ реконструкция қилиниб, унга қўшимча тарзда 180 ўринли икки қаватли янги бино ҳамда замонавий спорт зали қуриб битказилди.
Бугун мактаб биносида барча шароитлар яратилган, синфхоналар замонавий ўқув жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган, иситиш тизимлари янгиланган, ўқувчиларнинг билим олиши учун қулай муҳит яратилган. Эндиликда чойкўллик ўқувчилар замонавий, ёруғ ва кенг синфхоналарда таълим олиш имкониятига эга бўлишди. Бу эса уларнинг билим ва ижодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Медиа-тур давомида журналистлар Қангли овулида жойлашган 49-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Ушбу таълим муассасаси биноси Инвестиция дастури доирасида 3,5 миллиард сўм маблағ эвазига “Жумуртов тех таъмир сервис” МЧЖ томонидан қисқа муддатда қуриб битказилган.
90 ўринли, икки қаватли замонавий бино болажонлар учун барча зарур шарт-шароитларга эга: кенг ва ёруғ гуруҳ хоналари, дам олиш масканлари, ўйин майдончалари, ошхона ва тиббиёт хонаси намунавий даражада жиҳозланган.
Таъкидлаш жоизки, мактабгача таълим — боланинг шахс сифатида шаклланишида энг муҳим босқич ҳисобланади. Таълим сифати ва қамровини ошириш борасидаги ислоҳотлар натижасида бугунги кунда Амударё туманида мактабгача таълим билан қамров 75 фоиздан ошди.
Туманда сўнгги йилларда ўнлаб янги таълим ва ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилиб, мавжудлари капитал таъмирдан чиқарилди. Жумладан, 6 та янги мактабгача таълим ташкилоти бинолари қурилиб, болажонлар учун қулай ва замонавий муҳит яратилди. 31-, 46- ва 48-сонли мактаблар бинолари қайта реконструкция қилиниб, қўшимча равишда янги бинолар барпо этилди. 59- ва 68-сонли умумтаълим мактаблари бинолари эса тўлиқ янгидан қурилди. 40-, 67- ва 48-сонли мактабларда замонавий ёпиқ спорт заллари ҳамда спорт майдончалари бунёд этилди. Шунингдек, 42-, 35- ва 60-сонли мактабларга жами 359 миллион сўм маблағ ҳисобига янги компьютер жиҳозлари харид қилиниб, ўқув жараёнлари рақамлаштирилди. Ушбу амалий ишлар туманда таълим соҳасининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишига хизмат қилмоқда.
Бугун таълим соҳасида яратилаётган имкониятлар, замонавий ўқув бинолари, илғор технологиялар асосида жиҳозланган синфхоналар, электрон таълим платформалари ҳамда ўқитувчиларнинг малакасини оширишга қаратилган тизимли ишлар — барчаси мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларнинг ҳар томонлама камол топишига замин яратмоқда.
Ҳар бир янги қурилган ёки таъмирланган таълим маскани — бу нафақат ғишту цементдан бунёд этилган бино, балки ёш авлод тафаккурини юксалтирувчи, уларни ижодкорлик, изланиш ва мустақил фикрлашга ундовчи муҳитдир.
Шубҳасиз, ана шундай эзгу ислоҳотлар натижасида Амударё туманида ҳам таълим сифати ва самарадорлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Замонавий шароитларда таҳсил олаётган ёшлар эртанги кунимизнинг билимли, ташаббускор ва ватанпарвар фарзандлари сифатида жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшадилар.
Энг муҳими, бугун жойларда амалга оширилаётган бу каби бунёдкорлик ишлари — Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодасидир.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶