Талабалар учун халқаро имкониятлар кўлами кенгаймоқда
Қорақалпоғистон Республикасининг таълим салоҳиятини ошириш, айниқса, Оролбўйи минтақаси учун ўта муҳим бўлган аграр соҳада юқори малакали, халқаро андозаларга мос кадрлар тайёрлаш борасидаги ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда. Ушбу амалий чоралар натижасида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида талаба ёшлар учун яратилаётган шароитлар, илмий-амалий ва халқаро ҳамкорлик алоқалари кўлами ҳам йилдан-йилга сезиларли даражада кенгаймоқда.
Институт Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Есен Абдуллаевнинг маълумотларига кўра, бугунги кунда институт талабаларининг хорижий олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари анча фаоллашган. Бу эса талабаларнинг замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари ва самарадор менежменти бўйича билим олишига, энг асосийси, глобал меҳнат бозорида рақобатбардош бўлишига кенг имконият яратмоқда.
Институтнинг халқаро ҳамкорлик географияси ҳам кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда Жанубий Корея, Германия, Италия, Қозоғистон, Хитой, Япония ва Туркия каби давлатлардаги етакчи университетлар билан қўшма таълим ва алмашинув дастурлари изчил амалга оширилмоқда. Бу дастурлар талабаларга икки томонлама диплом олиш ёки маълум муддат чет элда ўқиш имкониятини бериб, уларнинг дунёқарашини ва билимларини кенгайтирмоқда.
Натижада институт талабалари ушбу ҳамкорлик доирасида хорижий олийгоҳларда магистратура босқичида сифатли таълим олиш, шунингдек, Европанинг кўплаб мамлакатларида, хусусан, Германияда илғор, инновацион фермер хўжаликларида амалиёт ўташ имкониятига эга бўлмоқдалар. Бу эса уларнинг назарий билимларини амалиёт билан бойитишга ва минтақага янги технологияларни олиб киришга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида амалга оширилаётган халқаро ҳамкорлик лойиҳалари сўнгги йилларда сезиларли натижалар бермоқда. Хусусан, мазкур самарали ҳамкорлик натижасида жорий йилнинг ўзида 100 дан ортиқ талаба хорижда таълим олиш ва амалиёт жараёнларида фаол иштирок этмоқда. Бу кўрсаткич минтақадаги олий таълим муассасалари учун катта ютуқ ҳисобланиб, институтнинг академик мобиллик соҳасидаги изчил сиёсати ва амалий ишларининг самарасини яққол намоён этмоқда.
Академик мобиллик дастурлари талабаларга хорижий мамлакатлардаги илғор таълим тизимлари билан танишиш, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштириш имконини беради. Бу эса нафақат талабаларнинг касбий салоҳиятини оширади, балки уларнинг мустақил фикрлаш, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда илмий изланишларга бўлган қизиқишини кучайтиради.
Институт раҳбариятининг таъкидлашича, халқаро ҳамкорлик нафақат талабалар, балки профессор-ўқитувчилар учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда. Улар хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликда қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, замонавий педагогик усулларни амалиётга татбиқ этиш ва таълим сифатини янги босқичга кўтариш имкониятига эга бўлмоқда.
Бундай ташаббуслар Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги соҳаси учун ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки хорижда билим олган ёш мутахассислар орқали инновацион ғоялар, илғор технологиялар ва экологик тоза ёндашувлар минтақавий амалиётга жорий этилади. Шу тариқа, халқаро ҳамкорлик Қорақалпоғистонда барқарор ривожланишни таъминлаш, аграр соҳани янги босқичга кўтариш ва мамлакат иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶