Амударёда пахта йиғим-терими — уюшқоқлик ва самарадорлик намунаси
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида пахта — нафақат иқтисодиётимизнинг таянчи, балки халқимиз меҳнатсеварлиги ва фидойилигини намоён этувчи рамзлардан биридир. Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Амударё туманида ҳам пахта йиғим-терим мавсуми уюшқоқлик ва юқори самарадорлик билан олиб борилмоқда.
Тумандаги фермер хўжаликлари далаларида иш қизғин. Айниқса, замонавий пахта териш машиналари терим жараёнида асосий ёрдамчи бўлиб хизмат қилмоқда. Улардан фойдаланиш туфайли далаларда меҳнат унумдорлиги сезиларли даражада ошиб, пахта йиғиб олиш жараёни анча тезлашмоқда.
Масалан, Бобур номли овулдаги “Ситмомут” фермер хўжалиги мисолида айтадиган бўлсак, 100 гектарлик пахта майдонида терим ишлари тўлиқ техника асосида ташкил этилган. Натижада “Султон” навли пахтадан гектарига 45–50 центнергача ҳосил олинмоқда. Пахта териш машиналари эса кунига 20–25 тоннагача пахта йиғиб-териб олиш имконини бермоқда.
Шу каби, “Умид Азимхўжа” фермер хўжалиги ҳам илғор технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда юқори самарадорликка эришмоқда. 65 гектарлик майдонда гектарига 55–60 центнер ҳосил олинаётгани — замонавий техникалар ва самарали агротехник тадбирларнинг яққол натижасидир.
Жорий йилда Амударё туманида пахта теримига жами 12 та пахта териш машинаси жалб қилинган бўлиб, уларнинг 10 таси 2025 йил мавсуми учун янгидан харид қилинган техникалардир. Бу эса давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фермерларга кенг имкониятлар яратиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Амударёлик фермерлар бугун ўз меҳнатини замон талабларига мос тарзда ташкил этиб, янги техникалар ёрдамида нафақат ҳосилдорликни оширмоқда, балки ўз тадбиркорлигини ҳам янада ривожлантирмоқда.
Пахта терими — нафақат даладаги иш, балки ҳақиқий меҳнат байрамидир. Туманимизда аҳолининг терим жараёнидаги фаоллиги бунинг яққол далили бўлиб хизмат қилмоқда. “Абдулла” фермер хўжалигининг 60 гектар майдонидаги ҳосил асосан қўл меҳнати асосида йиғиб олинмоқда. Бу ерда теримчиларга барча шароитлар яратилган: иссиқ овқатлар ташкил этилган, терилган пахтанинг ҳар килограмми учун 2000 сўмдан ҳақ ўз вақтида тўлаб берилмоқда.
Меҳнаткаш теримчилар бундан мамнун ҳолда, юқори кайфият ва шижоат билан пахта теришмоқда. Уларнинг фидойилиги ва меҳнатга бўлган меҳр-муҳаббати туфайли бу йилги пахта хирмони баланд бўлишига ишонч катта.
Бугунги кунда Амударё далаларида олиб борилаётган пахта йиғим-терими — техника ва меҳнат уйғунлигининг, давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар ва халқимизнинг фидойилигини ўзида мужассам этган ёрқин манзарадир. Ҳосилдор далалар, самарали техникалар ва фидойи меҳнаткашлар туфайли бу йилги пахта мавсуми ҳам юқори натижалар билан якунланиши шубҳасиз.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶