Кадрлар тайёрлашда янги босқич: Амударё муҳандислик технологиялари техникуми тажрибаси
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни замонавий билим ва кўникмалар билан қуроллантириш, уларни меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар этиб тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амударё муҳандислик технологиялари техникуми жамоаси ушбу эзгу мақсад йўлида самарали фаолият юритаётган таълим муассасаларидан биридир. Техникумимиз нафақат ҳудудимиз ёшларининг касбий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда, балки мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим бўлган ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш ишларига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Техникумимизнинг умумий майдони 4,6 гектарни ташкил этиб, у 936 ўринли қувватга эга. Таълим даргоҳимизда 100 ўринли замонавий ётоқхона ва шунча ўринли ошхона ўқувчилар ихтиёрида. Ҳозирда муассасада 632 нафар ўқувчи кундузги, сиртқи ва дуал таълим шакллари бўйича таҳсил олмоқда. Уларнинг 456 нафари давлат гранти асосида, 176 нафари эса тўлов-контракт асосида билим олмоқда. Шунингдек, 87 нафар ўқувчи шартнома асосида ётоқхонага жойлаштирилган бўлиб, уларнинг 54 нафари қизлар ва 33 нафари ўғил болалардир.
Техникумда жами 40 нафар ўқитувчи ва 1 нафар ишлаб чиқариш таълими устаси фаолият юритади. Уларнинг 1 нафари олий тоифали, 4 нафари етакчи, 11 нафари эса катта ўқитувчилардир.
Таълим сифатини янада ошириш мақсадида Қорақалпоқ давлат университети, Нукус давлат техника университети, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти каби олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ушбу ҳамкорлик доирасида улар муассасага методик ёрдам кўрсатиб, ўқитиш материалларимизга тақризлар беришмоқда, биргаликда услубий қўлланмалар тайёрлаяпмиз ва профессор-ўқитувчилар томонидан маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
Техникум битирувчиларининг ишга жойлашиши ва олий таълимни давом эттириши борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда. 2024-2025 ўқув йилида техникумни битирган 96 нафар ўқувчидан 25 нафари имтиҳонсиз, якка тартибдаги суҳбат асосида олий таълим муассасалари талабаси бўлди. Битирувчиларимизнинг 12 нафари тадбиркорлик билан шуғулланмоқда, 72 нафари эса ўз соҳаси ва унга яқин йўналишларда фаолият олиб бормоқда. Бу кўрсаткичлар техникумимизда берилаётган билим ва кўникмаларнинг меҳнат бозоридаги талабга мос эканлигини кўрсатади.
Ўқитувчиларимизнинг инновацион ёндашувлари ҳам эътирофга лойиқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 майдаги Қарори ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг топшириғига асосан ташкил этилган “Профессионал таълим тизимида энг яхши рақамли таълим ресурслари” Республика кўрик-танловида ўқитувчиларимиз муваффақиятли иштирок этдилар. Биринчи босқичда 18 та рақамли таълим ресурсини ишлаб чиқдик ва улардан 10 таси Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида ғолиб деб топилиб, республика босқичига йўлланма олди. Учинчи босқичда эса махсус фан ўқитувчиларимиз Гулнора Худайбергенова, Тўлғаной Эшмуратова ва психологимиз Муаттар Озодовалар ўз номинацияларида фахрли 1-ўринни эгаллаб, мукофотларга сазовор бўлдилар.
Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтиришни режалаштирганмиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 январдаги Қарорига мувофиқ, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб техникумимизда муҳандислик соҳаларидаги касблар бўйича тўлиқ давлат гранти асосида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, иш берувчилар билан тузилган шартномалар асосида ўқувчиларни дуал таълим шаклида ўқишга қабул қиламиз. Ҳозирда “TRIANGUL METALS TEBINBULAK” қўшма корхонаси билан меморандум имзолаб, «Электр тармоқлари ва тизимлари» мутахассислиги бўйича кундузги ва дуал таълим шаклида ўқувчиларни қабул қилишни бошлаб юбордик.
Бундан ташқари, техникумимизда ёшларни касб-ҳунарга жалб этиш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” тадбирларини доимий равишда ўтказиб келмоқдамиз. Яқинда туман ҳокими Собир Хўжаметов ташаббуси билан техникумда 18 та йўналишда бепул қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилди. Бу курслар ёшларга тикувчилик, сартарошлик, IT ва дастурлаш, пайвандчилик каби соҳаларда билим олиш имконини бериб, уларнинг меҳнат бозорида талабгир мутахассис бўлиб етишишига замин яратади.
Хулоса қилиб айтганда, Амударё муҳандислик технологиялари техникуми жамоаси, нафақат таълим бериш, балки ёшларни келажак касбларига тайёрлаш, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли фаолиятни амалга оширмоқда. Олий таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик, инновацион ёндашувлар ҳамда давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор келажакда таълим даргоҳимизнинг катта ютуқларига йўл очиб беришига ишонамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, техникумимиз ўқитувчилари, ишлаб чиқариш таълими усталари ва барча ходимларини, қолаверса, юртимиздаги барча устоз ва мураббийларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан табриклайман! Уларнинг ёшларга билим бериш, касб-ҳунар ўргатишдек машаққатли ва шарафли ишларида омад ёр бўлишини тилаб қоламан!
Шуҳрат Матирзаев, техникум директори, халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶