Тиббиёт соҳасида коррупцияга қарши курашиш мақсадида тадбирлар ўтказилди
Коррупция – бу жамиятнинг барча соҳаларига салбий таъсир кўрсатувчи хавфли иллатдир. У ижтимоий адолатсизликни кучайтиради, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини сусайтиради, иқтисодий ўсишни секинлаштиради ва инвестиция муҳитини ёмонлаштиради. Коррупция туфайли бюджет маблағлари нотўғри тақсимланади, давлат хизматлари сифати пасаяди ва фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол бўлади. Бу эса пировардида жамиятда норозилик кайфиятини ошириб, барқарорликка таҳдид солади.
Шу сабабли Ўзбекистонда сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди, махсус органлар ташкил этилди ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мақсад – коррупцияга қарши муросасиз курашиш тизимини яратиш, унинг илдизларини қирқиш ва жамиятда коррупцияга нисбатан тоқатсиз муҳитни шакллантиришдир.
Амударё туманида ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Яқинда туман Прокуратураси томонидан туман Тиббиёт бирлашмаси ва унга ҳудудлардаги тиббий муассасалар масъул ходимлари иштирокида шу масалада йиғилиш ўтказилди.
Коррупциянинг зарарли оқибатлари ва унга жазо муқаррарлиги ҳақида атрофлича маълумотлар берилган ушбу йиғилишда Амударё тумани прокурори Баҳром Машарипов, Прокуратура масъул ходимлари, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг туман бўлими мутасаддилари иштирок этди.
Айтиш жоизки, тиббиёт соҳаси аҳоли саломатлиги билан бевосита боғлиқ бўлгани учун бу ерда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада тиббиёт муассасаларида шаффофликни ошириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, электрон тизимларни жорий этиш ва ходимларнинг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мақсад – беморларнинг сифатли ва адолатли тиббий хизматлардан фойдаланишини таъминлашдир.
Шифокорлик – бу нафақат касб, балки юксак масъулият ва инсонийликни талаб этувчи шарафли бурчдир. Шифокор қасамига хилоф тарзда коррупцион ҳаракатларга қўл урса, нафақат ўз обрўсини тўкади, балки беморнинг ҳаётини хавф остига қўяди ва бутун тиббиёт тизимига бўлган ишончга путур етказади. Бундай ҳаракатлар қонун олдида жавобгарликка сабаб бўлиши билан бирга, инсоний ва ахлоқий жиҳатдан ҳам кечирилмасдир ишдир.
Тиббиёт тизимида коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларга жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Амударё телевидениеси таҳририятининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди молиялаштирган “Коррупция — давлат ва жамият тараққиётига таҳдид” номли грант лойиҳаси доирасида ҳам туман Тиббиёт бирлашмаси ва жойлардаги тиббий муассасаларда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Тарғибот тадбирларида коррупциянинг оқибатлари ҳақида тушунчалар берилмоқда. Шифохонага ташриф буюрган беморлар ва уларнинг яқинларига тарқатма материаллар тарқатилиб, шифокорларга миллий қонунчиликда коррупционерларга белгиланган жазолар ҳақида маълумотлар тақдим қилинмоқда.
Чиндан ҳам, коррупцияга қарши курашиш фақат давлат органларининг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг умумий ишидир. Нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик бу жараёнда янада фаол бўлса, бундан давлат ҳам, жамият ҳам ютади. Улар жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, коррупция ҳолатларини фош этиш ва бу борада давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш орқали коррупцияга қарши кураш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Зеро, бу иллатга қарши курашишда очиқлик ва шаффофлик энг асосий қуролидир.
Амударё туманида ўтказилаётган бу каби тадбирлар коррупцияга қарши курашишда комплекс ёндашувнинг амалий намунасидир. Прокуратура, маҳаллий ҳокимият, тиббиёт муассасалари ва оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги коррупцияга қарши самарали курашиш учун замин яратади. Бундай тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан тоқатсиз муҳитни шакллантириш ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶