“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ” ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ МУҲОФАЗА ОСТИДАГИ МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИ ЎРГАНДИ
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2025 йилга мўлжалланган иш режасида муҳим вазифалар белгиланган. Бу вазифалар орасида рўйхатга олинмаган маданий мерос объектларини аниқлаш, уларнинг йўқолиб кетишининг олдини олиш, давлат муҳофазасини кучайтириш, уларни давлат ёки ЮНЕСКО рўйхатига киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда бу натижалар асосида доимий комиссиялар ва Кенгаш сессияларига масалалар киритиш, депутат сўровлари чиқариш ва мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш бўйича ишлар мавжуд.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари, партия Марказий Кенгаши вакиллари, маҳаллий Кенгашларга партиядан сайланган депутатлар, партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари ҳамда соҳа экспертларидан иборат ишчи гуруҳи Амударё туманида жойлашган Чилпиқ қалъа ёдгорлиги археология объектининг бугунги ҳолати, туристик инфратузилмаси ва кадастр ҳужжатлари билан танишди.
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДАГИ МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИ
Қорақалпоғистон Республикасида жами 299 та моддий маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган. Шулардан:
131 таси – археология объектлари;
24 таси – архитектура ёдгорликлари;
99 таси – монументал санъат ёдгорликлари;
45 таси – диққатга сазовор жой объектлари.
ЧИЛПИҚ ҚАЛЪАНИНГ ЎЗИГА ХОСЛИКЛАРИ
Чилпиқ қалъаси Амударё туманининг Қипчоқ овули ҳудудида жойлашган. Қалъа деворларининг баландлиги 15 метрга етади ва баландлиги 0,8-1,05 метр бўлган пахса (лойдан) блоклардан қурилган. Деворларнинг эни юқорида 2-3 метр, пастки қисмида эса 4,8-5,5 метрни ташкил этади. Деворларнинг ташқи юзалари асосга нисбатан 80 градусга тенг қияликка эга. Ички майдончанинг ўрта қисмида қоя чиқиб туради. Бу қоя ва девор орасидаги бўшлиқ бутун баландлиги бўйлаб қум ва лой билан тўлдирилган бўлиб, унинг қалинлиги горизонтал қатламларга бўлинган. Вертикал бўйлаб эса антик ўлчамдаги (40х40х10-11 см) ғиштдан ўткирлаштирилган радиал деворлар билан ажратилган.
Ўрганишлар давомида депутатлар археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолатини янада такомиллаштириш масалалари бўйича асослантирилган таклифлар беришди.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶