АМУДАРЁ ТУМАН ПРОКУРОРИ САЙЁР ҚАБУЛДА АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИНИ ЖОЙИДА ҲАЛ ЭТДИ
Амударё туман прокуратураси томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлашда ўзига хос тизим яратилган. Унга кўра, мурожаатларнинг шаклидан қатъи назар, туман прокурори Баҳром Машарипов раҳбарлигида ҳар бир мурожаат алоҳида рўйхатга олиниб, кўтарилаётган муаммонинг долзарблиги ўрганилади ва жойига чиққан ҳолда муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўрилади. Шунингдек, жойларда сайёр қабуллар ўтказилиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш орқали фуқароларни қийнаб келаётган масалаларга ойдинлик киритилади.
Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жайхун овул фуқаролар йиғини биносида туман прокурори Баҳром Машарипов томонидан ташкиллаштирилган навбатдаги сайёр қабул жараёнида ҳам аҳоли ҳаётига доир кўплаб муаммолар ўз ечимини топди.
Сайёр қабул жараёнида Жайхун овулидан ташқари Дарё бўйи, Уйшин маҳаллалари ва Қипчоқ шаҳарча фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари ўзларини қийнаб келаётган муаммолар бўйича мурожаатлари билан иштирок этдилар. Туман прокурори ҳар бир мурожаатни алоҳида эътибор билан тинглаб, синчковлик билан кўриб чиқди ва мурожаатларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, тегишли масъулларни жалб қилган ҳолда ўрганишлар олиб борилди.
Қабул давомида асосан аҳоли пунктларидаги инфратузилма объектлари, хусусан, маҳаллаларни бир-бири билан боғлаб турувчи кўприкларни таъмирлаш, серқатнов йўллар бўйларига йўл белгиларини ўрнатиш, фарзандини даволатиш учун моддий ёрдам ажратиш, ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш, кўчаларни ободонлаштириш, айниқса, Амударё дарёси бўйидаги умумий овқатланиш шохобчалари атрофида ва дарё қирғоқлари бўйлаб тозалаш ишларини амалга ошириш юзасидан кўтарилган долзарб муаммолар эътибор билан ўрганилди.
Туман прокурори аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни жойида ҳал қилиш мақсадида жараёнга тегишли ташкилотлар раҳбарларини жалб қилди ва кўтарилган ҳар бир мурожаат бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берди. Шу билан бирга Баҳром Машарипов сайёр қабул жараёнида иштирок этаётган фуқароларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари доирасидаги муаммоларни очиқлашда тортинмасликни, бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари очиқлик ва шаффофлик тамойили асосида иш юритишини, бу борада жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади.
Сайёр қабулда таъкидланганидек, фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан шаффофлик асосида ўрганишлар олиб бориш, бевосита халқ орасига кириб бориб, аҳоли билан учрашувлар ўтказиш, сайёр қабуллар ташкил этиш — бу жамият ҳаётидаги энг муҳим масалаларни англаш ва уларни ҳал этишнинг энг самарали йўлидир. Прокуратура органлари эса бу борада аҳолига яқиндан кўмаклашиб, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамиша камарбастадир.
Ушбу сайёр қабул фуқароларнинг давлат органларига ишончини янада мустаҳкамлаб, улар ҳаётига доир муаммоларни жойига чиққан ҳолда тинглаб, ҳар бир муаммонинг тезкор ечимини топишга хизмат қилгани билан муҳим аҳамият касб этди.
Шарьяр Жолдасов, туман прокурорининг катта ёрдамчиси

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶