Иқтисодиёт ривожи статистик кўрсаткичларда акс этмоқда
Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда йирик лойиҳаларни амалга ошириш, савдо, хизмат кўрсатиш ва сервис, ишлаб чиқариш соҳаларини барқарор ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли иқтисодиёт йил сайин ўсиб, аҳоли турмуш фаровонлиги яхшиланиб бормоқда. Барча ҳудудлар сингари Амударё туманида ҳам иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари йил сайин юқорилаб бораётгани Миллий статистика қўмитасининг ҳисоботларида қайд қилинмоқда.
Туман статистика бўлими ходимлари жойларга чиққан ҳолда тадбиркорлар билан учрашиб, реал ҳолатни статистик ҳисоботларда акс эттиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бўлимнинг маълум қилишича, 2025 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра туманда барча соҳаларда иқтисодий ўсиш суръатлари қайд қилинди. Биргина қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барқарор ўсиш даражаси фермерлар, томорқачилар ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг йил сайин тажриба орттириб, янги марраларга эришаётганини амалда тасдиқлайди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра туманда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулотлари ва хизматларининг умумий ҳажми 917,8 миллиард сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,9 фоизга ўсган. Шунингдек, мазкур соҳада туманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги улуши 16,8 фоизни ташкил этгани эътиборга молик.
Хусусан, чорвачилик маҳсулотлари ҳажми 513,4 миллиард сўмга тенг бўлиб, умумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ичидаги улуши 62,2 фоизни ташкил этди. Жорий йилнинг биринчи ярми давомида туман бўйича 5,8 минг тонна гўшт, 20,9 минг тонна сут, 32,9 миллион дона тухум ишлаб чиқарилди.
2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, туманда йирик шохли қорамоллар – 174,3 минг бош бўлиб, шундан 48 минг бошини сигирлар ташкил қилади. Қўй ва эчкилар – 113,6 минг бош, паррандалар эса 1,17 миллион бошга етган.
Тумандаги йирик хўжаликлардан бири — "Эрлапас" фермер хўжалигида 229 бош йирик шохли қорамол, шундан 62 бош сигирлар, 150 бош қўй ва эчки ва 8 бош отлар мавжуд. Жорий йилнинг ўтган даврида хўжалик томонидан 152 центнер гўшт, 748 центнер сут, 2 минг 220 дона тухум ва 3 центнер жун олинди.
Мева-сабзавот, полиз экинлари етиштириш ҳажми ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Бу борада иссиқхоналарнинг ўрни алоҳида. Биргина “Mangit Invest Plys” МЧЖга қарашли иссиқхонада шу йилнинг февраль-март ойларида 12 тонна бодринг етиштириб, тўлиқ ички бозорга етказиб берди. Ҳозирда эса помидор етиштириш жараёни бошланган бўлиб, яқин ойларда 30-40 тонна ҳосил олиш ва унинг бир қисмини хорижга экспорт қилиш режалаштирмоқда.
Илғор фермер хўжаликлари ва томорқачиларнинг самарали саъй-ҳаракатлари боис йилнинг биринчи ярмида туман бўйича деҳқончилик маҳсулотлари ҳажми 311,4 миллиард сўмга етди. Бу 2024 йилга нисбатан 5,5 фоиз ўсиш демакдир. Асосий экин турларидан дон етиштириш 24 минг тонна, сабзавотлар 16 минг тонна, полиз маҳсулотлари 2,1 минг тонна, мевалар ва резаворлар 3,1 минг тонна, узум 186,4 тоннани ташкил қилди. Айниқса, мева ва резаворлар ҳосили 25,7 фоизга, узум етиштириш ҳажми эса 24,9 фоизга ўсиши соҳадаги самарали меҳнатларнинг натижасидир.
Бир сўз билан айтганда, Амударё туманида бошқа соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам 2025 йилнинг биринчи ярмида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди. Деҳқончиликда ҳосилдорликнинг ортиши, чорвачилик, балиқчилик ва асаларичиликда маҳсулот ҳажмининг кўпайиши, шунингдек, иссиқхона хўжалигининг кенгайиши туманда аграр салоҳиятнинг тобора мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Бу жараёнда аҳоли томорқаларидан тортиб, кичик ва ўрта, қолаверса, йирик хўжаликларнинг фаол иштироки эса умумий иқтисодий ўсишнинг муҳим омили бўлмоқда.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶