Жўқорғи Кенгес депутати Санобар Хўжамуротова сайловчилар билан учрашди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Санобар Хўжамуротова Қиличбой овули ҳудудидаги 83-сонли мактабда ўз сайловчилари билан учрашди. Учрашувда Аёқчи ва Қиличбой маҳаллалари аҳолиси вакиллари фаол иштирок этди.
Депутат ўз фаолияти юзасидан сайловчиларга ҳисобот берди, аҳолини қийнаётган муаммоларни тинглади ва уларга ечим топиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Депутат ўз нутқида жорий йилнинг биринчи ярми давомидаги депутатлик фаолияти, юборилган сўровлар ва уларга олинган жавоблар ҳақида батафсил тўхталди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасига бағишланган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлари мазмуни, оилада фарзанд тарбияси, хотин-қизлар одоби каби ижтимоий масалаларга ҳам эътибор қаратди. Депутат кейинги йиллардаги жамият ва инсонлар ҳаётидаги янгиланишлар, хусусан, туман ички йўлларини таъмирлаш бўйича қилинган ишлар юзасидан кенг тушунтиришлар берди.
Маҳалла фаоллари депутатнинг жонкуярлигини алоҳида таъкидлаб, унинг ҳисоботини қониқарли деб баҳоладилар. Улар, айниқса, Қиличбой овулида ички йўлларга қум-шағал аралашмаси тўшалиб, 4-Р-181 "Қипчоқ-Манғит-Туркманистон чегараси" автомобиль йўлида таъмирлаш ишлари бошланганидан мамнун эканликларини билдирдилар.
Маълум қилинишича, туман маҳаллаларида жами 107 км ички йўллар қум-шағал аралашмаси билан қопланган. Яна 100 км ички йўлларга қум-шағал аралашмаси тўшаш режалаштирилган бўлиб, фақат Қиличбой овулининг ўзида яна 13 км ички йўллар таъмирланади.
Учрашувдан кейин Халқ депутатлари Амударё туман кенгаши котибияти мудири М.Ўрозбоев, туман кенгаши депутати М.Раҳимова, ЎзХДП туман кенгаши раҳбари О.Ернафасовлардан иборат депутатлар гуруҳи Аёқчи ва Қиличбой маҳаллаларини боғловчи кўприкни бориб кўрдилар. Ушбу масала бўйича тегишли ташкилотларга қайта мурожаат қилишга келишиб олинди.
Шунингдек, фуқаро Жуманиёзов Махсуд Собировичнинг ногиронлик нафақаси қирқилганидан шикояти ҳам кўриб чиқилди. Ушбу мурожаат туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Ш.Жуманиёзовга мурожаат орқали ҳал қилинадиган бўлди.
Учрашувдан кейин ногиронлиги бўлган икки нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди.
Депутат Санобар Хўжамуротованинг сайловчилар билан учрашуви очиқ мулоқот ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган самарали тадбир бўлди. Бундай учрашувлар депутат ва аҳоли ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶