Президент Фармони ижроси ва маънавий-маърифий ишларда самарадорлик масалалари муҳокама қилинди
Маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича ваколатларининг такомиллашаётганлиги, шунингдек, янгиланган Конституцияга мувофиқ Кенгаш раиси ва ҳоким лавозими бир-биридан ажратилиб, "Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким" тамойилининг амалиётга жорий этилгани тизимдаги бюрократик тўсиқларга барҳам бериш имконини яратди. Айниқса, бу 2025 йил 23 июнда Президентимиз томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги 98-сонли Фармонида белгиланган кенг кўламли вазифаларнинг амалий ижросига бағишланган саъй-ҳаракатларда яққол намоён бўлмоқда.
Ушбу Фармонга кўра, 2025 йил 14 июлда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси томонидан "Халқ депутатлари туман Кенгашлари ёнидаги Ёшлар маслаҳат гуруҳи аъзолари, ОФЙ ва МФЙ раислари, маънавият соҳаси мутахассислари иштирокида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури" тасдиқланган эди. Жорий йилнинг 29 июль санасида Амударё туман ҳокимлиги биносида мазкур чора-тадбирлар дастури доирасида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита бошлиғи Шарапатдин Ўтемисов, Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғининг ўринбосари Нариман Шинназаров, Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметов, Туман Кенгаши депутатлари, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, умумтаълим мактаблари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, ОФЙ ва МФЙ раислари, мактабгача таълим ташкилотлари методистлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишни туман ҳокими С. Хўжаметов очди ва олиб борди. Йиғилиш аввалида Халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти билан овул ва маҳаллалар ўртасидаги ўзаро хабардорлик ва ҳамкорлик масалалари юзасидан фикрлашиб олинди. Шундан сўнг йиғилиш кун тартибидаги асосий масала – Кенгаш котибияти билан ОФЙ ва МФЙлар ўртасидаги хабардорлик ва ҳамкорлик хизматини янада жонлантириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги "Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармонидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама этилди. Ушбу масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита бошлиғи Шарапатдин Ўтемисов маъруза қилди. У ўз маърузасида Президент Фармонига кўра, жамиятимизда "Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким" тамойилини амалиётга жорий этишдан кўзланган мақсад ва вазифалар хусусида батафсил маълумотлар берди.
Хусусан, маҳаллий даражада халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш, фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда кенг иштирокини таъминлаш орқали демократик жараёнларни мустаҳкамлаш, ижро ҳокимияти органларининг маҳаллий халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлигини ошириш, ҳудудий бошқарувни аҳоли манфаатларига хизмат қилиш тамойили асосида номарказлаштириш, ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни кучайтириш, ушбу жараёнларда ёшларнинг иштирокини қўллаб-қувватлаш каби масалаларга йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини қаратди.
Шундан сўнг Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи ўринбосари Нариман Шинназаровнинг маърузаси тингланди. У ўз маърузасида Республика Маънавият марказининг 2025 йил 3 июлдаги хабарнома хатида қайд этилган маънавий-маърифий ишларни олиб боришдаги камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича умумтаълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ҳамда МТТларда фаолият олиб борувчи методистларнинг ишини самарали ташкил этиш юзасидан зарур тушунча ва тавсиялар берди.
Ҳар иккала маъруза юзасидан музокараларда иштирок этган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, 40-сонли мактаб директори Санобар Хўжамуротова ва бошқалар Концепцияда белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат марказининг хабарнома хатида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 2 февралдаги "Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонининг ижроси ҳамда галдаги вазифалар бўйича ОФЙ ва МФЙ раислари иштирокида амалий семинар ҳам ташкил этилиб, маҳалла институтини янада такомиллаштириш, аҳоли билан ишлашда янги механизмларни амалиётга изчил жорий этиш юзасидан ўзаро фикрлар алмашилди ва Халқ депутатлари туман Кенгаши қошидаги Ёшлар маслаҳат гуруҳи аъзоларига Президент Фармон ва Қарорлари ижросини таъминлаш борасида аниқ режалар белгилаб, шу асосда иш юритиш юзасидан зарур тушунча ва тавсиялар ҳам берилди.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶