7-СОНЛИ ДАВЛАТ МТТДА “ХАЙР, БОҒЧА – САЛОМ, МАКТАБ!” ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ
Манғит шаҳрининг Дўстлик маҳалласи ҳудудида жойлашган Амударё тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти 2010 йилга қадар “Роҳат” болалар муассасаси мақомида фаолият юритиб келган. Мазкур муассаса туман ҳокимининг 2010 йил 19 январдаги 22-сонли қарори асосида мукаммал реконструкция қилиниб, туман 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти сифатида қайта ташкил этилди ва замон талаблари даражасида жиҳозланди. 70 ўринга мўлжалланган икки қаватли, замонавий, кўркам бинода кичкинтойларнинг таълим ва тарбия олишлари учун барча зарур шароитлар яратилган.
Теварак атрофи ям-яшил дарахтлар, анвойи гулларга бурканган муассаса биноси болажонлар ҳар тонг ошиқиб келадиган сўлим гўшадир. Ҳудуддаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларидаги ўзига хослик, ёзги ўйин майдончаларидаги озодалик кўзларни қувонтиради. Ичимлик суви ва табиий газ тармоғига уланган муассаса биноси ичкарисида қишин-ёзин мўътадил муҳит мавжудлиги болажонларнинг яйраб ўсишлари учун қулай имконият яратади.
Айни пайтда мазкур муассасада 5 та асосий гуруҳнинг ҳар бирида 30 нафардан жами 150 нафар, 2 та мажбурий гуруҳнинг ҳар бирида эса 25 нафар кичкинтойлар таълим-тарбия олишмоқда
Барно Худойбергенова раҳбарлигидаги муассасада жами 35 нафар ишчи-ходимлар фаолият олиб боришади. Улардан 15 нафари тарбиячи-педагог ходимлар бўлиб, 6 нафари олий, 3 нафари тугалланмаган олий маълумотга эга тажрибали, ўз касбининг билимдонлари бўлган мутахассислардир. Ёрдамчи тарбиячи сифатида фаолият юритувчи ходимлар эса ўзларининг касбий малакаларини доимий равишда ошириб боришлари туфайли болажонларнинг самимий меҳрига сазовор “боғча опалари”га айланишган.
Кичкинтойларнинг ўз иқтидорларини амалда намоён этишлари учун яратилган шароитлар ҳам алоҳида эътиборга муносиб. Муассасада замонавий талаблар даражасидаги мусиқа ва спорт хоналари, ниҳоятда шинам ва озода ўйин майдончалари, айвончалар, тиббий хизмат бўлими, оромхона ва машғулотлар хоналари ҳар бир гуруҳ бўйича болажонларнинг дунёқарашлари ва ёшларига мутаносиб равишда жиҳозланган.
Шунингдек, гуруҳларда ташкил этилган 5 та ривожлантирувчи марказлар, “Маънавият” ва “Спорт-соғломлаштириш” бурчакларида бола психологияси, ақлий ва жисмоний ривожланиш тамойиллари ўз аксини топган.
Муассасада деярли барча гуруҳларда инклюзив таълим-тарбия ҳам йўлга қўйилган бўлиб, ақли ва нутқий ривожланишда нуқсони бор бўлган, эшитиш қобилияти заиф болаларга сифатли таълим-тарбия беришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада олий маълумотли логопед-педагог Азиза Артиқбоева ҳамда дефектология йўналиши бўйича олий маълумотли мутахассис Мадина Ибодуллаевалар томонидан олиб борилаётган машғулотлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Тарбиячилар Қурбоной Холимбетова, Нилуфар Атажанова, Шарофат Ҳайтимбетовалар ўтказадиган ҳар бир дарс-машғулотини болажонлар интиқлик билан кутишади.
Жорий йилнинг 30 май санаси муассасанинг мактабга тайёрлов гуруҳи тарбияланувчилари учун ҳаяжонли дақиқаларга бой унутилмас кун бўлиб қолди. Чунки шу куни муассасанинг мактабга тайёрлов гуруҳининг 46 нафар ва қисқа муддатли тайёрлов гуруҳининг 34 нафар тарбияланувчилари ўзлари учун қадрдон бўлиб қолган азиз маскан ва севимли “боғча опалари” билан хайрлашиб, мактаб таълими сари илк қадам қўйдилар.
Муассасада бўлиб ўтган “Хайр, боғча – салом, мактаб!” мавзусидаги мусиқий тадбирда муассаса педагог-ходимлари, ота-оналар ва тарбияланувчилар иштирок этишди.
Тадбирда болажонлар ўз қўллари билан ясаган ўйинчоқлар, чизган ранг-баранг суратлар, турли кўрик-танловларда эришган ютуқлари акс эттирилган суратли альбомлар намойиш этилди. Болажонлар ўзлари ўрганган куй-қўшиқларни ижро этишиб, она Ватан, дўстлик ва тинчлик, онажонлар, “боғча опалар” ҳақида шеърлар айтиб, рақслар ижро қилишди.
Тадбир давомида болажонларга ота-оналари совғалар беришиб, фарзандларини ақлли ва доно қилиб тарбиялаган тарбиячи-педагогларга самимий миннатдорчилик билдирдилар.
РОБИЯ ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶